Бош саҳифа / Шахслар


Қорачиқ 2000 йил


Об-ҳаво

Сўнгги изоҳлар


Ҳозирча изоҳ йўқ!

Абдуқодиров Анапия (1959 - 2014)


     Абдуқодиров  Анапия (Асқар) Толип ўғли 1959 йил 15 августда Чимкент вилояти, Туркистон тумани, Қорачиқ қишлоғида  туғилган. Миллати ўзбек. 1966 йили шу қишлоқдаги “Победа” ўрта мактабига бориб, 1976 йили тугатган. Ва шу йилнинг ўзида Тошкент Давлат Университетининг (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети) Кимё факультетига ўқишга кирди. 1981 йили Университетни муваффақиятли битиргач, А. Абдуқодиров Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлигининг йўлланмаси билан Тошкент Давлат Университетининг “Полимерлар кимёси муаммолари” лабораториясига илмий ишга қолдирилди. У 1982  йилда малака ошириш учун собиқ СССР Фанлар Академиясининг (ФА) Кимёвий физика институтига юборилди. У полимерлар кимёси бўйича таниқли олимлар-собиқ СССР ФАнинг академиги Н.С.Ениколопов, проффессор В.Г.Никольскийлар лабораторияларида илмий тадқиқот ишларини бажарди.

     1983 йилдан бошлаб А. Абдуқодиров Университетда собиқ Иттифоқ олимлари билан ҳамкорликда полимер чиқиндиларини қайта ишлаш усуллари ва ускуналарини ишлаб чиқиш соҳасида иш олиб борди, кичик илмий ходим, илмий ходим ва катта илмий ходим лавозимларида ишлади.

     1988 йилда “Кукунланган полимер моддалар” илмий тадқиқот лабораториясида табиий ва синтетик полимер материалларидан деформацион силжитиш таъсирида ўта майин, яъни ультра дисперсли кукун олиш, уларни тадқиқ этиш ва амалда фойдаланиш йўналиши бўйича иш олиб боради. Ясалган ускуналар Охта “Пластполимер” бирлашмаси (Санкт-Петербург), Йошкар-Ола, Бутун иттифоқ авиация материалшунослик иниститути (Москва), “Пластполимер” ишлаб чиқариш бирлашмаси (Сызрань), Чимкент ва Тошкент шаҳри корхоналарида ишлаб чиқаришга жорий этилган.

     1996 йилда “Упруго-деформационное измельчение некоторых термопластов и их отходов” мавзуси бўйича номзодли диссертациясини ҳимоя қилади. А.Абдуқодиров томонидан полимерларни ва полимер чиқиндиларини қайта ишлаш йўналиши соҳасида ноёб янги бир йўналиш ривожлантирилди: полимер чиқиндилари-полиэтилен (ишлатилган полиэтилен пленкаси), пенополиуретан, резина, политетрафторэтилен (фторопласт-4), целлюлоза ва уларнинг чиқиндиларини деформацион силжитиш таъсирида майдалаш ускуналари ясалиб амалиётга татбиқ этилди. Бу усулда полиэтилен плёнкаси чиқиндисини майдалаганда 50-100 микронли ультрадисперсли кукун олиниб, у билан трибозаряд қурулмаси ёрдамида сирт юзаларни қоплаш мумкинлиги кўрсатилди. Чиқинди Фторопласт-4 нинг ультрадисперсли кукунлари эса махсус композициялар олишда бирламчи фторопласт-4 нинг ўрнида ишлатилди.

     Ҳозирда А.Абдуқодиров илмий ҳамкорлигида йўлга қўйилган механик кимёвий усул билан крахмал ва таркибида крахмал бўлган маҳсулотлардан модификацияланган крахмал ва декстрин олиш технологияси ишлаб чиқилди. Бу маҳсулотлар тўқимачилик саноатида, гофрокартон ва гипсокартон ишлаб чиқариш корхоналарига татбиқ этилди.

     Техника фанлари номзоди, катта илмий ходим А.Абдуқодиров томонидан 60дан ортиқ илмий мақола чоп этилган, янгиликлари 4та муаллифлик гувоҳномаси ва 3та Ўзбекистон патенти билан ҳимояланган.

     А.Абдуқодиров фанни тараққий эттиришдаги , ҳамда ёш авлодни юксак инсонийлик руҳида тарбиялашдаги улкан хизматлари учун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети маъмурияти томонидан “ШАВКАТЛИ МЕҲНАТИ УЧУН” фахрий ёрлиғи ва Университетнинг 70 йиллиги муносабати билан таъсис этилган юбилей медали билан тақдирланган .

     А.Абдуқадиров оиласи - зиёлилар оиласи. Турмуш ўртоғи Нодира Мамасоли қизи ҳам Тошкент Давлат Университетининг кимё факультетини битириб (1987й), Тошкент Давлат техника Университети қошидаги “Фан ва тараққиёт” давлат  унитар корхонасида илмий ҳодим бўлиб ишламоқда. Тўнғич қизи Азиза Ўзбекистон республикаси Рассомлик модельер-дизайнер факультетини (2004й) тугатган бўлса, Умида Абдуқодирова Асқар қизи ота-она изидан бориб, ТошДУ кимё факультетига ўқишга кириб (2003й), бакалавр (2007й), магистратура (2010й) бўлимларини муваффақиятли тугатди. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий Университетининг аспирантура бўлимида таҳсил олмоқда. Ҳар иккала қизи ҳам турмушга чиққан, оилали. 1994 йилнинг сентябрида туғилган кенжа қизлари Комила - П.Ф.Боровский номидаги Республика тиббиёт колледжини тугатиб, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети биология-тупроқшунослик факультетида таҳсил олмоқда. Комиланинг ёзган мақолалари Ўзбек Миллий университети “Илмий-амалий конференция материаллари” тўпламларида чоп этилиб турибди.                                                          

     Қизларига марҳамат назари билан қараган Анапия (Асқар) Толиб ўғли Абдуқодиров 2014 йил 30 мартга ўтар кечаси 55 ёшида инфаркт бўлиб, тўсатдан вафот этди. Шу куни тумонот одам йиғилди. Қатор  турган кишилар майит солинган тобутни қабргача елкалари узра қўлма-қўл ўтказишди. У Тошкентда “Чимир ота” (Шымыр ота) масжидида пешин номозидан сўнг жанозаси ўқилиб “Чимир ота” қабристонига 4843-рақамли қабрга қўйилди.

Аширмат Толиб

Изоҳ қолдириш учун сайтга киринг!