Сайдан Жамолов (1925-1985)
2020-11-26 1251 0
13 октябрь 1925 йили Туркистон шаҳрида деҳқон оиласида таваллуд топган. 1940-41 ўқув йилида “Ленин” номли ўрта мактабнинг 7-синфини тугатиб, колхозда ишлай бошлаган.
1942 йилнинг декабридан 1945 йил июнь ойигача Совет армияси сафида иккинчи жаҳон урушида милтиқли взвод командири сифатида жангга қатнашган.
Икки марта яраланган. Урушдан кейин юртига қайтиб, аввал Туркистон ҳарбий комитети раҳбари бўлиб, кейин 1953 йилгача Туркистон район ижроия комитетида секретар лавозимида ишлаган.
Таълими ва хизматлари
1953-1958 йилларида Қозоғистон Компартияси марказий комитети қошидаги Олма-Ота Олий партия мактабида ўқиган.
Ўқишдан кейин Туркистонга қайтиб, шаҳар ижроия комитетида Қозоғистон компартиясининг пропаганда ва агитация ишлари бўйича бўлим раҳбари ўринбосари лавозимида ишлай бошлаган.
Шу йилларда Қозоғистон компартияси райком бюроси аъзолигига сайланган.
1962 йил апрель ойидан 1980 йилгача Туркистон районига қарашли “ Победа” колхози раиси вазифасини бажарган. Мана шу 18 йиллик раислик вазифаси пайтида “Победа” колхози давлат олдидаги режаларини ортиғи билан бажариб Совет Иттифоқи бўйича 3- ўринга кўтарилган. Халқнинг турмуш даражаси ҳам анча яхшиланиб, Туркистон районидаги энг ўзига тўқ жамоа хўжаликларидан бирига айланган. Шу даврда давлатнинг бир тийин ёрдамисиз колхоз ўз бюджетидан колхоз ҳудудларида иккита болалар боғчаси, ёзги ва қишқи кинотеатр, битта 1100 ўринлик уч қаватли мактаб, чойхона қурдириб, боғ барпо қилган эди.
1980 йил апрель ойидан 1982 йил июль ойигача “Облколхозстрой” ПМК-7 ишлаб чиқариш корхонасини бошқарган.
1982 йил июль ойидан бошлаб, Туркистон район совети Халқ депутатлари Ижроия комитетида ташкилотчи-инструкторлик бўлим бошлиғи сифатида ишлаб, шу ердан нафақага чиққан.
Жамиятдаги мавқеи
1950 йил августдан бошлаб КПСС аъзоси. III-дан XVII- сайловгача Халқ депутатлари Туркистон район совети депутатлигига сайланган. X-, XIII- ва XV- чақириқларда Халқ депутатларининг Чимкент обл. совети депутатлигига сайланган. Вилоятнинг XVIII-, XXI-, XXIII- партия конференцияларида Қозоғистон компартияси вилоят комитети аъзолигига сайланган. 1958 йилдан 1980 йилгача район комитети аъзолигига сайланган. 1980 йилда Қозоғистон Компартияси райкоми аъзолигига номзод бўлган.
Қозоғистон компартияси XIII- съездида делегат сифатида қатнашган.
Иш фаолияти давомида “Ленин” ордени, “Қизил байроқ” ордени, икки марта “Фахрий ёрлиқ” ордени, Совет Иттифоқининг саккиз медали, Қозоғистон марказий комитетининг мақтов қоғози, “Қозоқ ССР қишлоқ хўжалигининг хизмат фахрийси” ёрлиғи, СССР ВДНХ -нинг 2 та олтин ва 1 та кумуш медаллари билан тақдирланган.
Сайдан ака Жамолов 1985 йили 60 ёшга тўлишига саноқли кунлар қолганда оғир касалликдан сўнг вафот этган.
Оиласи
Сайдан ака Жамолов турмуш ўртоғи Башорат опа билан икки ўғил ва икки қиз фарзанд тарбиялаб вояга етказганлар. Фарзандлари ҳам олий маълумотли бўлиб, Туркистоннинг энг илғор ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида ишлаганлар ва ишлаб келмоқдалар.
***
“Яхши одамнинг яхшилигини айт, обрўси ошсин” деган гап бор халқимизда. Агар у вафот этган одам бўлса-чи? Унда қабри нурга тўлади. Илоҳим, шундай бўлсин! Мен ҳозир ҳикоя қилмоқчи бўлган одам ана шундай мақтовларга арзийдиган одам эди, раҳматли. Дастлаб, унинг ишбилармон раҳбарлигини қўя турайлик-да, одамохунлиги ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Эсимда, 1966 йилнинг кузи эди. “Победа” колхози нафақат республикада, балки собиқ СССР да биринчилардан бўлиб пахта планини бажариб юрган кезлар. Бизни ҳам ўқишни тўхтатиб пахтага олиб чиқишган. Баҳоли қудрат пахта териб юрибмиз. Колхоз бугун эрта планини тўлдирай деб турган кунларнинг бирида биз кечаси пахта хирмонида қолиб кетдик. Кун бўйи чарчаганмиз, бунинг устига қоринлар ҳам сурнай чалмоқда. Хирмонда иш қизғин. Хирмондаги пахталар тележкаларга ортилиб пешма-пеш заводга жўнатилиб турибди. Пахта териш машиналари бўшаган хирмонга навбатма-навбат бункерларини келтириб тўкмоқда. Биз тунги салқинда жунжикиб, пахта уюмларининг орасига кириб кетганмиз. Шунда бирдан “раис келди, раис келди” деган шивир-шивир қулоғимизга чалиниб қолди.Бошимизни кўтариб қарадик: оддийгина кийинган, чеҳрасидан нур ёғилиб турган киши ишлаётганларга қарата “Ҳа, баракалла шоввозлар, ҳаракатни мана шундай давом эттирсанглар бир-икки кунда планни дўндирамиз,” деди, сўнг кўзи бизларга тушиб, “булар кимлар, нега ҳалигача бу ерда юрибди “деб сўради бригадирдан. “Машинамиз бузилиб қолиб келмай турибди, булар ўқувчилар,” деди бригадир қимтиниб. “Қоринларинг ҳам роса очгандир, дея бояги машинадагини олиб кел! “Шофёрига буюрди у. “Сайдан ака, уни ахир уйга олганмиз-ку”. “Қўявер уйдагилар эртага ейишар”. Машинадан олиб келинган сомсаларни биз иштаҳа билан туширдик. Шундан сўнг бизнинг олдимизга келиб: “Йигитлар, далачилик, энди баъзида шундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради , лекин сенлар ғайратни сусайтирманглар, бу йилги қишки каникулда колхоз ҳисобидан саёҳатга юбортираман,” деди жилмайиб ва бизни ўзининг хизмат машинасида уйларимизга етказиб қўйди. Ҳақиқатан ҳам 1967 йилнинг январ ойида “Победа” мактабидан 20 нафар, “ Бирлик ”мактабидан 20 нафар ўқувчи Москва орқали Арманистон пойтахти Ереванга 12 кун саёҳатга бориб келдик. Бунақа мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Сайдан Жамолов “Победа”колхозига раислик қилган 18 йил давомида колхозни миллионер колхоз даражасига етказишда бор кучи ва билимини аямай меҳнат қилганлигини бугун ҳаёт бўлганлар яхши билишади. У колхоз экономикасини кўтариб, пахтачилик, умуман деҳқончиликнинг ривожланишига муносиб улушини қўшди десак янглишмаймиз. Шу йилларда қишлоқдаги барча уйлар телевизорга эга бўлди. Ҳар икки уйнинг бирида енгил машина бор эди. Вилоятда биринчилардан бўлиб муҳташам қишки клуб қурилди ва республикада ягона бўлган “Ўзбек халқ театри” ташкил этилди. 1176 ўринга мўлжалланган мактаб биноси қурилиши бошланди. У кишининг ташкилотчилик қобилияти кучли эди. Чуқур билимга эгалиги ҳар қандай муаммони ақл билан ҳал қилиб, халқ кўнглига йўл топиб ишлай оларди. Қишлоқдаги ҳар бир оиланинг аҳволидан хабар олиб турарди.
Қорачиқ қишлоғидаги кўчалардан бирига Сайдан Жамолов номи берилган. Ҳалол меҳнат қилган инсон қачон бўлса-да, элда азиз бўлади. Бу оталаримизнинг меҳнатлари ва ютуқларидан ёшларимиз ўрнак олса арзийди.
Қодир Аҳмедов