Иботов Сафидулло (1924 - 1987)
2020-10-30 1015 0
Иботов Сафидулло 1924 йили Қорачиқ қишлоғида туғилган. Фронтчи, музикачи, ўқитувчи. Отаси Ибот Отажонов қишлоқда хумдон қуриб, ғишт пишириб тайёрлаб, дастлабки мактаб пойдеворини тиклаётганда “Ибот масжид қураябди”деган туҳмат билан қотоғонлик қурбони бўлди ва вафотидан сўнг оқланди. Уни ҳамқишлоқлари “бўлис”, “оқсоқол” деб сийлашарди. Ёшлигидан етим ўсган Сафидулло талантли ва ўткир зеҳнли бола бўлиб, музикага жуда қизиқар ва ўзи дутор, рубоб, най каби музика асбобларини ясаб чалиб юрар эди. Улуғ Ватан уруши бошланди-ю, у биринчилар қаторида армияга олинди. С. Иботов 1942-1943 йиллари Фарғона областида сержант тайёрлаш полкида бўлди, снайперлик курсини битирди. 1943 йил 2 октябрда II Украина фронтига етиб келди. Днепропетровск шаҳрини озод этишда қатнашди. Олдинги қаторда кетаётганда граната портлашидан жароҳатланиб, Омск ҳарбий госпиталида даволанади ва яна немис-фашистларига қарши жанг қаърига кириб кетади. Аммо аёвсиз жанглардан бирида оғир жароҳат олиб, 1944 йилнинг мартида Улуғ Ватан уруши ногирони сифатида она қишлоғига қайтарилади.
Иботов Сафидулло 1947-50 йиллари “Калинин” колхозида ҳисоб юритувчи (счетовод) бўлиб ишлайди. 1950 йилдан 1979 йил нафақага чиққунга қадар “Калинин”, “Победа”, “15-мактаб-интернат” ўқув масканларида пионервожатий, бошланғич синфлар ўқитувчиси, тўгарак раҳбари, музика фани ўқитувчиси бўлиб ишлади. У ҳар бир янги куй, қўшиқ ва лапарлардан хабардор бўлиб юрар ва ўзи ҳам шеърларга куй басталар эди.
Сафидулло ака санъатни, нафосатни жон-дили билан севган киши бўлган. У мактабда мусиқа ўқитувчиси, қишлоқ клубида бадиий раҳбар, тўйларда уста санъаткор эди. “Санъатсиз ҳақиқий ҳаётнинг ўзи йўқ”,- деб таъкидларди у. Туманимиз ва қишлоғимиздаги жуда кўп санъаткорлар у кишини устозимиз деб тан оладилар. Ота касбини давом эттириб ўғли Рустам ва невараси Шерзод “Турон” ўрта мактабида анча йиллардан бери мусиқа фанидан дарс бермоқда. Тўнғич ўғли Авазхон Иботов эса “Қорачиқ” мактабида ўзбек тили ва адабиётидан нафақага чиққунга қадар дарс бериб мураббийлик қилди.
Сафидулло ака 1987 йил жигар хасталигидан сўнг 63 ёшида вафот этди.
Аширмат Толиб