Пармонқулов Патто (1918 - 1990)
2020-11-03 933 0
Пармонқулов Патто 1918 йил Қозоғистон республикасининг Жанубий Қозоғистон области Туркистон районида деҳқон оиласида туғилган. Отаси Пармонқул Рўзметовни НКВД органи ҳодимлари тутқинлаб олиб кетишган ва у шу кетганича қайтиб келмаган. Фақат ҳеч қандай жиноят содир этмаганлиги аниқлангач, 1960 йил 14 июль куни оқланган.
Патто Пармонқулов 1937 йил ўрта мактабни тугатгач, Ўрта Осиё давлат универиситети (СаГУ-ТашГУ)нинг физика-математика факультетига ўқишга кириб, 1939 йил октябрь ойигача ўқийди ва шу ойдан бошлаб Ўзбекистон республикаси Мирзачўл районидаги №9 нотўлиқ ўрта мактабида физика-математика фани ўқитувчиси бўлиб ишлайди. 1940 йил октябрь - 1942 йил май ойларида Туркистон шаҳридаги Калинин номли ўрта мактабида физика-математика фанидан дарс беради. 1942 йил июнь - 1945 йил октябрь ойларида эса, Совет Армияси сафида хизмат қилади.
1945 йил ноябрь ойидан бошлаб Югнак (ҳозирги Қорачиқ) қишлоқ советидаги “Победа” ўрта мактаби (собиқ Калинин номидаги нотўлиқ ўрта мактаби)да директор бўлиб ишлай бошлади. У 1961 йил октябрь ойидан бошлаб Қорачиқдаги 15- мактаб-интернати директори лавозимида ўз фаолиятини давом эттирди.
Пармонқулов Патто 1954-1958 йиллари Тошкент Давлат педагогика институти физика-математика факультетининг сиртқи бўлимини ўқиб битирган. П.Пармонқулов ўзининг бутун имкониятларини фақат маориф учун, мактаб учун сарф этган киши.
-Мен 1974 йилдан бошлаб бирга ишлаб бунга бир неча бор гувоҳ бўлганман. Патто аканинг олдига қай масалани олиб кирманг, атрофлича сўрайди, суриштиради, қатъий ёрдам беради. Бу орада ўтган вақтга сен қизғанмасанг у қизғанмайди. Баъзан шанба, якшанба кунлари ҳам мактабда қолиб кетади, кечалари ҳам кабинетида лампочка ёниқ бўлади.
Пармонқулов Патто “Ҳурмат белгиси” ордени билан тақдирланган, “Халқ маорифи аълочиси” нишони СССР ва Қозоғистон ССР маориф минстрликлари ва област маорифи бўлими тамонидан мақтов грамоталари олган. Умрини маорифга бағишлаган устоз 1990 йилда вафот этди.
Турмуш ўртоғи Пармонқулова (Болтабоева) Табия (1921-1983) билан бирга 2 ўғил, 3 қизни тарбиялаб, ўқитиб вояга етказишган. Фарзандларининг барчаси олий маълумотли. Пармонқулов Паттонинг икки акаси Абдумуталлиб ва Абдуғаффор ҳамда Абдураззоқ, Тожиддин (15.05.1930-7.08.2014), Нажимиддин исмли уч укаси бўлган.
Аширмат Толиб