Аширмат Толиб
2020-07-25 546 0
Аширмат Толиб 1948 йил 12 апрелда Туркистон шаҳри яқинидаги (8км узоқликда) Қорачиқ қишлоғида, туғилган. Мучали - сичқон. Оилада тўртинчи ўғил фарзанд бўлиб дунёга келган.
Отаси, Абдуқодиров Толиб (1895-1978), деҳқон ва уста-бинокор, ота-онадан эрта айрилиб, амакиси Зоид домла уйида етим ўсган. Уч қиз 6 ўғилни улғайтириб, узатиб, уйлантириб оталик бурчини тўлиқ адо этган киши. У жуда камгап, ҳийла тажанг, аммо ниҳоятда меҳнаткаш бўлиб, далада ҳатто кечалари ҳам ой ёруғида ишлайверарди. Ўзларининг эшак-араваси, омочи ва жувозхонаси бор бўлган.
Онаси Толипова Қурсия (1913-1979) - ниҳоятда камтар, ювош, жуда меҳрибон ва саранжом-сариштали аёл эди.
Аширмат Толиб 1955-1966 йиллари қишлоғимиздаги "Победа" ўрта ўзбек мактабида ўқиган. Тошкентга ер қимирлаган йили - 1966 йил, 18 ёшида, июль ойида келиб Қашқар маҳалласидаги Абдулла тоғасиниг ҳовлисига жойлашган. Гарчанд ўрта мактабни медаль билан битирган бўлса ҳам Тошкент Давлат (Ўзбекистон Миллий) университетининг филология факултети кечки бўлимига ўқишга кирган. Кундуз кунлари ёзувчилар союзида, университет даргоҳида, нашриётда Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Мирмуҳсин, Миртемир, Шайҳзода, Саид Аҳмад, Зулфия, Ойдин Ҳожиева каби ёзувчи ва шоирлар билан учрашувларда бўларди, айримлари билан бўлган илк мулоқот ҳаётида ўчмас из қолдирган. Нашриётда Ҳамид Ғулом, Одил Ёқубов, Иброҳим Ғофуров, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Муҳаммад Алилар билан бирга ишлашган. Малик Раҳмон, Миркарим Осим, Самиғ ака, Амирилло Файзуллаевлар билан бирга бир хонада ўтириб, асарларни таҳлил қилган. Шуларнинг таъсири бўлса керак, ўзи ҳам ижод қилиб бошлаган.
2011 йилнинг декабрида Алмати шаҳрида "Қул Хожа Аҳмад Яссавий" номли монографик асари 1000 нусхада китоб бўлиб босилиб чиқди. 2012 йил 2 апрел куни Туркология илмий-текшириш институтининг директори, философия фанлари доктори, профессор Досай Кенжетай Турсунбай ўғли ташаббуси ва раҳбарлигида “Таклифнома”лар тарқатилиб, Халқаро Қозоқ-турк университети "Маданият саройи"да ушбу китобнинг тақдимот маросими бўлиб, бу йиғинда университет талабалари ва домлалари, мактаб ўқувчилари, ўзбек маданияти марказларининг фаол аъзолари ҳамда ота-оналар иштирок этишган.
Шу йили Тошкент шаҳри "Муҳаррир" нашриёти матбаа бўлимида "Улуғ уммон олдида" шеърий тўплами чоп этилди. “Туркистонлик шоир ва ижодкорлар” (2013.й.) шеърий тўпламда расми, бир нечта шеърлари ва Аширмат Толиб ҳақида маълумот берилган.
Тошкентдан Қорачиққа 1974 йил бутунлай қайтиб келиб, Туркистон район халқ маорифи бўлими мудири Хайрулло Башиков шахсий аризаси бўйича 1974 йил 22 августь куни №116 буйруқ билан “Победа” ўрта мактабига бошланғич синфлар ўқитувчиси этиб тайинлади. Кейин Аширмат Толиб мактаб директори Султон Умаров маслаҳатлари билан районога 2 сентябрь куни қайта кириб вазиятни айтиб, Х. Башиков юқоридаги буйруққа ўзгартириш киритиб, №122 буйруқ билан 15- мактаб-интернатига тарбиячи этиб тайинланди ва тарбиячи-ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади. Бир-икки учрашувда Аширмат Толиб Х. Башиковнинг қозоқ тили билан бирга ўзбек тилини ҳам етук билувчи, ниҳоятда соф, пок, ҳар қандай таъмагирликдан йироқ, ҳар бир мактабдаги психологик жараёнлардан хабардор раҳбар эканлигини ангарган. Интернат мактаби 1984 йилдан "Қорачиқ" ўрта мактаби деб номланди. Аширмат Толиб мактабда аҳил жамоа туфайли кўп ютуқларга эришган. Иш тажрибаси мактаб, туман ва вилоят миқёсида методик тўплам ҳолида ёйилган. Учта илмий-методик мақоласи Ўзбекистон Республикаси китоб ва журналларида чиқди. Шеър, ҳикоя, турли мавзудаги мақола ва қозоқчадан таржима асарлари 1967 йилдан буён ўқувчиларга таниш.
Ҳар йили Вилоят, туман педагогик ўқишларидаги маърузалари ва иш фаолияти юқори баҳоланиб 20дан кўп "Фахрий ёрлиқлар", "Мақтов қоғозлари" ва ташаккурномалар билан тақдирланган. 1986 йили "методист-ўқитувчи" унвонига сазовор бўлди. 1990 йил мактаб дирекцияси ва қишлоқ совети тавсияси орқали район ижроия комитетининг 07.02 №52 қарори билан "Запорожец" автомашинасини олишга муяссар бўлди. 1991 йили эса олий тоифали ўқитувчи даражасига эришди. Маориф соҳасидаги муваффақиятларига Тошкент шаҳар Октябрь районидаги Улуғ Ватан уриши қатнашчиси Тоҳир Усмонов директорлик қилган 21-кечки ишчи ёшлар мактабида ишлаб орттирган тажрибаларининг кўп ёрдами текган.
“Ҳаётнинг ширинлигини ҳам, турмушнинг муштини ҳам сездим, севгининг лаззатларини, ҳижроннинг азобларини ҳам тотиб кўрдим. Тақдиримдан нолимайман”-деб шукирчилик қилади Аширмат Толиб.
У аслида тилшунос. Ҳар йили ойлаб кутубхонада ўтириб 21.06.1972 йили "Ўзбек тилида синтактик омонимия" (64 бет) темасидаги диплом ишини аъло баҳога ҳимоя қилган ва асперантурага тавсия қилинган ҳолда худди шу темада кандидантлик илмий ишини (142 бет) ёзиб ҳамда бу ишга доир "Библиографик кўрсатгич" (66 бет) тайёрлаган. Филология фанлари номзоди Абдулла Улуғов: "Сўзнинг юки беҳад оғир. Шу юк оғирлиги туфайли тилшунослар тор кўнгил бўлишади. Бошқа соҳанинг вакилларига қараганда бир мунча инжиқ келади. Тилшунослар кечаю кундуз сўзни ўйлаб юришади. Сўзнинг таркиби, ясалиши қўшимчаси, талаффузи, келиб чиқиши тарихи, ўзгаришлари кабилар ҳақида узлуксиз бош қотиришади. Бу заҳматли меҳнат эса юракнинг ширасини сўриб, асабларни толиқтириб ташлайди. Бутун танани ҳолдан тойдиради"- деб жуда тўғри айтган экан. Мен ҳудди шундай ҳолга тушдим ва билиб-билмай айрим кишиларни ранжитиб қўйдим, улардан ҳозир ҳам ғойибона узр сўрайман деб афсусланади Аширмат Толиб.
Оилали, аёли Обод Адҳам қизи - уй бекаси. Икки қиз ва бир ўғли бор. Учови ҳам оилали. Улардан 10та неваралари бор.
Уйдаги китоб жавонида иш юзасидан маслакдош бўлган Туроб Тўла, Носир Фозилов, Одил Ёқубов, Миртемир, Шуҳрат, Омон Матжон, Рауф Парфи ва бошқа бир қанча шоир ёзувчиларнинг дастхатли китоблари бор. Дастхатли китоб эса ҳам тарих, ҳам хотирадир. Хотира фақат инсонга хос фазилат бўлиб, ҳеч қандай кўнгил хушлик ўрнини боса олмайдиган машғулотдир.
“Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас” дейди халқимиз. Менинг донғимни ҳам чангимни ҳам чиқарадиган сиз бўласиз, қадрдонларим. Бу дунёда Аллоҳнинг инояти ила шунча йил яшаб нимаики қўлга киритиб, ютуққа эришган бўлсам сизлар туфайли бўлди, азиз одамлар! – Аширмат Толиб
Аширмат Толиб