Алишев Шариф (1949 - 2012)
2020-07-28 346 0
Алишев Шариф 1949 йилда 4 майда Чимкент вилоятининг Туркистон тумани Қорачиқ қишлоғида колхозчи оиласида таваллуд топган. У 1966 йил ўрта мактабни битириб, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг физика, умумтехника факультетига ўқишга кирди.
Институтни 1971 йилда имтиёзли диплом билан битириб, шу институтнинг «умумтехника фанлари» кафедрасига ассистент лавозимига ишга қабул қилинди.
1971-1972 йилларда армия сафида Волгоград шаҳрида хизмат қилди.
Ш.Алишев институтдаги меҳнат фаолиятида талабаларга назарий механика фанидан дарс беришда ўз устида ишловчи етук педагог эканлигини кўрсатди. Маъруза ва амалий машғулотларни мутахассислик фанлари билан боғлаган ҳолда, педагогик ишларни эса илмий тадқиқот ишлари билан боғлаб юқори савияда олиб борди.
У 1978-1979 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Механика ва иншоатлар сейсмик мустаҳкамлиги институтида стажер-тадқиқотчи лавозимида илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. 50 дан ортиқ илмий ва услубий ишлар муаллифи. Жумладан: “Ип йигиришнинг баъзи бир масалалари”, “Қайишқоқ ип ўтказгичнинг ип нотекислигига таъсири”, “Аврли газламалар устида тадқиқотлар”, “Толаларни тиклашда қийқим шакли ва массаси таъсирини ўрганиш”, “Такомиллашган тўқима ростлагичида тўқимани тортиб олиш кучининг ҳисоботи” каби бир қанча илмий мақолаларини чоп эттирди, ҳамда “Назарий механика” фани - статика кинематика, динамика бўлимларидан маъруза матнлари, назорат топшириқлари ва услубий кўрсатмалар, қўлланмалар нашр эттирди.
2001 йил октябрдан техника фанлари номзоди, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтидаги ихтисослашган кенгашида 05.19.03. “Тўқимачилик материаллари технологияси” ихтисослиги бўйича «Совершенствование процесса кручения и наматывания на кольцепрядильной машине» мавзусида 2001 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.
1972 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг “Назарий механика ва материаллар қаршилиги” кафедрасида ассистент, катта ўқитувчи, 2002 йилдан бошлаб доцент лавозимида ишлаб келди. Умумий иш стажи 35 йил.
“Ш. Алишев 1975 йилдан бери факультет ва институт касаба уюшмаси қўмитасида фаол аъзо сифатида берилган вазифаларни бажариб келди. 1996-1999 йилларда факультет деканининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган. Институт ва туман ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, факультетда ўтказиладиган барча маънавий-маърифий тадбирларда ташкилотчи бўлиб хизмат этган. Механикавий-технология факультетининг илмий кенгаш аъзоси, кейинроқ институтдаги «Иқтидорли талабалар академияси»да илмий раҳбар вазифасида ишлаган.
Ш. Алишев камтарин, содда, тўғри сўз, ўзига ҳамда касбдошлари ва талабаларига нисбатан талабчан, ғамхўр устоздир”,- дейди институт ректори профессор А.П.Парпиев.
У Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларининг бир неча фахрий ёрлиқлари ҳамда ташаккурномалари билан тақдирланган.
Тўрт нафар фарзанднинг отаси, олти нафар неваранинг бобоси, меҳнатсевар, адолатли, интизомли, маънавий етук инсон Шариф Алишев 2012 йил олтинчи августда вафот этди ва у Тошкентдаги Яккасарой қабристонига дафн этилди.
Унинг қизлари Гулчеҳра (15.08.1975й.т), Гулмира (18.02.1981й.т), Феруза (19.08.1982й.т)лар турмушга чиққан, ўғли заҳирадаги майор Илҳом Алишев (7.12.1976 й.т) Ф.В.В.(М.Ч.С.) даги молия бўлимида ревизор лавозимида ишлайди.
Мен Алишев Шариф билан 1-синфдан 10-синфгача бирга ўқиганман. Мактабда у жуда тиришқоқ, жамоат ишларида актив ва ўқишга жуда меҳр қўйган эди. Юқоридагиларни ўзининг “Таржимаи ҳоли”, “Ҳисоботи”, институт ректори берган “Тавсифнома” ва илмий кенгаш ёзган “Тақдимнома”си асосида қисқартириб ёздим. У 54та иш эълон қилган, шулардан 36таси илмий, 17 таси ўқув-услубий ва 1-та ихтирони расмийлаштирган.
Аширмат Толиб