Бош саҳифа / Шахслар


Қорачиқ 2000 йил


Об-ҳаво

Сўнгги изоҳлар


Ҳозирча изоҳ йўқ!

Парманқулов Исомиддин Паттаевич


     Парманқулов Исомиддин Паттаевич 1947 йил 22 январда Чимкент вилоятининг Туркистон тумани Қорачиқ қишлоғида зиёли оиласида туғилди. 1953-64 йиллар давомида шу қишлоқдаги «Победа» номли ўн йиллик мактабда таълим олди. 1964 йилда мактабни Олтин медаль билан тамомлагандан сўнг Тошкент политехника институти Инженер-физика факультетининг 1-курсига ўқишга қабул қилинди. 1969 йилда Тошкент политехника институтининг «Ярим ўтказгичли асбоблар» мутахассислигини муваффақиятли тамомлаб, шу институтнинг «Радиоэлектроника асослари» кафедрасида ассистент лавозимида иш фаолиятини бошлади. У 1969-93 йиллар давомида ассистент, кейинчалик катта ўқитувчи лавозимларида ишлади. 1976-78 йилларда ТошПИ қошидаги кундузги аспирантурада ўқиди. 1992 йилда Тошкент шаҳрида “Диэлектриклар ва ярим ўтказгичлар физикаси” соҳаси бўйича «Марганец билан компенсирланган кремнийда рекомбинацияли тўлқинларнинг ҳосил бўлиш шароитларини текшириш» мавзусида физика-математика фанлари бўйича номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди ва физика-математика фанлари номзоди бўлди. 1993-97 йилларда «Физикавий электроника ва микроэлектрон асбоблар» кафедрасида доцент лавозимида ишлади. Шу билан бир қаторда 1992-93 йилларда «Радиоэлектроника ва автоматика» факультетида, 1993-97 йилларда «Электроника автоматика ва ҳисоблаш техникаси» факультетида декан муовини лавозимида ишлади. 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги «Таълим тизими маркетинги» бош бошқармасида Услубчи лавозимида фаолият кўрсатди. 1997-2007 йиллар давомида «Электрон техника материаллари физикаси ва технологияси» ва «Электроника ва микроэлектроника» кафедраларида доцент, 2008 йилдан ҳозирги кунгача Тошкент давлат техника университетининг янги ташкил қилинган «Нанотехнология» кафедрасида доцент лавозимида ишлаяпти. У бакалавриат талабалари учун «Электрон техника материаллари ва маҳсулотлари технологияси», «Электрон техника компонентлари», «Электрон асбоблар ва қурилмалар ишлаб чиқариш технологияси», магистратура талабалари учун «Электрон асбоблар ва қурилмаларни конструкциялаш асослари», «Электрон техника асбоблари ва маҳсулотлари технологияси» каби махсус фанларидан маъруза, тажриба ва амалий машғулотлари ҳамда курс лойиҳаларини тайёрлади ва нашр эттирди.

     Парманқулов Исомиддин Паттаевич томонидан 60 дан ошиқ илмий, илмий-услубий мақолалар чоп этилган ҳамда у 4 та авторлик гувоҳномаси ва битта Россия, иккита Ўзбекистон патентига эга. Булардан ташқари у Олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртлари талабалари учун 2 та дарслик ва 10 дан ошиқ ўқув ва услубий қўлланмалар ва маъруза матнлари муаллифидир. Исомиддин ўзбек, қозоқ, рус, инглиз тилларини яхши билади.

     2010 йил 3 сентябрдан Тошкент ахборот технологиялари университети Телевизион технологиялар факультети ўқув ишлари бўйича декан муовини лавозимида ишлаб келмоқда. У ўқув жараёнини режалаштиришни, ҳужжатлар билан ишлашни, факультет талабаларини уюштиришни ва раҳбарлик қилишни аъло бажаради. 2011-2012, 2012-2013, 2013-2014 ўқув йилларида университетга абитуриентларни қабул қилиш комиссиясида актив иштирок этди. 

     Қисқа вақт давомида ўзининг ишчанлиги, ўқув жараёнини ташкил қилишдаги уқувлиги, ўзига ва талабаларга талабчанлиги, камтарлиги, одиллиги каби фазилатлари билан факультет жамоаси ва ўқитувчилари орасида ҳурмат қозонди.

     Исомиддин - оилали. Турмуш ўртоғи Парманқулова Зебинисо (1947й) ўрта мактабларда  математика ва чизмачилик бўйича ўқитувчи бўлиб ишлаган. Ҳозирги пайтда нафақада. Икромжон (1972), Сирожиддин (1975) исмли ўғиллари ва Фотима-Зухра (1980) қизлари ҳамда 10та набираси бор. 

Аширмат Толиб

Изоҳ қолдириш учун сайтга киринг!