“Самруқ-Қазина” Туркистондаги объектларни фойдаланишга топширди
2020-09-14 394 0
“Самруқ-Қазина” фонди Туркистон вилояти ҳокимиятига 5 та ижтимоий аҳамиятга эга объектни топширди. Булар Хўжа Аҳмад Яссавий номидаги музей, 7 минг ўринлик стадион, Ўқувчилар саройи, Конгресс-холл ва “Қазпочта”нинг вилоят бўлими биносидир.
Туркистондаги қурилиш ишлари 2019 йил октябрь ойида Туркистон вилояти ҳокимияти ва “Самруқ-Қазина” фондининг ҳамкорлиги бўйича имзоланган меморандум асосида бошланганди. Бугун ушбу объектлар ҳокимиятга топширилди.
“Самруқ-Қазина” фонди бошчиси Ахметжан Есимов “Йил бошидан биз 6 та ижтимоий аҳамиятга эга объектлар қурилишини бошладик. Улардан биринчиси амфитеатр бўлиб, фойдаланишга топширилган. Қолган бештасини биз Туркистон вилояти ҳокимиятига бепул топширяпмиз” деди.
Музей биноси 3 қаватдан иборат бўлиб, 3 минг квадрат метр майдонни эгаллаган.
7 минг ўринлик стадион эса футбол матчларидан ташқари, республика ва халқаро миқёсдаги турли спорт мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган. Бундан ташқари, объект футболчиларга, вилоят енгил атлетика, стол тенниси ва камондан ўқ отиш жамоаларига ўқув-машғулот базаси сифатида хизмат қилади.
Ўқувчилар саройи эса мактаб ўқувчиларига қўшимча машғулотлар ўтказиш учун мўлжалланган. Бу ерда либосларни бичиш, ёғочни ўйиб нақш солиш, радиотехник моделлаштириш ва рақс тўгараклари фаолият кўрсатади.
Конгресс-холл Туркистон вилоятида ягона кўп функцияли мажмуа ҳисобланади. Объектда минг кишилик йиғилиш ва концерт зали, 400 кишилик банкет зали, 1900 квадрат метрлик кўргазма майдони мавжуд.