Бош саҳифа / Шахслар


Қорачиқ 2000 йил


Об-ҳаво

Сўнгги изоҳлар


Ҳозирча изоҳ йўқ!

Ёқубов Камол (1920-2009)


     Ёқубов Камол - қалб кўзи очиқ инсон. У Зоид домланинг 2-аёли Опақиз аядан туғилган Ёқуб аканинг ўғли бўлиб, 1920 йили таваллуд топган. Камол ота-она юзини, табиату борлиқни атиги 6 ёшигача кўра олди. 6-7 ёшларида унинг 2 кўзи қаттиқ оғриб шилпиқланиб, киприклари бир-бирига ёпишиб, бутунлай очилмай қолди. Унинг қийналиб юрганини кўрган холаси Гулшод табибчилик қиламан деб: Аччиқ тошни туюб майдалаб, Камолнинг 2 кўзига туфлаб сепди. Аммо заррача фойдаси бўлмади, аксинча, унинг иккала кўзи бутунлай кўрмай қолди.
     Ёш боланинг олдида ўзини гуноҳкор сезиб виждони қийналган Гулшод Камол улғайиб эр етгач, ўз қизи - Зуҳрони унга жуфти ҳалолликка топширди. Лекин бу қиз кўп ўтмай кетиб қолди. 
     Камол ака жуда меҳнаткаш инсон эди. Чарчоқ нима билмасди. У 1950 йиллари колхоз  темирчилик устахонасида ишлади. Ўшанда бобоси Зоид домланинг ташқари-ичкари ҳовлиларидан ўтиб бориб қудуқдаги сувдан олиб ҳар куни челаклаб сув ташиди. Темирчилик дўконида Рапи темирчига кўмак бериб дамгир бўлиб ишлади, яъни эртадан кечгача ҳаво оқимини ўчоққа узатадиган ричагни кўтариб тушириб ўтирди.
Колхоз склади-омборхонасида ишлаб юрганида бир ўзи бир қоп (70 кг) буғдойни орқалаб тахта устида юриб бориб  машина устига жойлаштирди. Буғдойни тозалаб, сортлаб,  уруғлик донни дорилаб ажратиб берадиган аппарат-ускунанинг барабан-ғилдирагини  тўхтовсиз айлантириб турди.     
Жуда кўп колхозчилар буғдойларини қоплаб тегирмонга келтириб қўйишарди-ю уни угишга вақтлари бўлмасди, ўшанда Камол ака тегирмонга бориб, буғдойларни угуб, унларини қайта қопларга жойлаб тайёр қилиб қўярди.
     Томорқасидаги йўнғичқа ўсиб ўроққа келганида қўл ўроғи билан тўхтовсиз йўнғичқа ўрди.
     Қишлоғимизда ҳар йили кузда уйларнинг томлари ҳашар йўли билан лой сувоқ қилинарди. Ана шу ҳашарларда Камол ака ҳар доим том тепасида бўғотда туриб, арқон билан челаклардаги лойни тинмай  тортиб  турди.   
     Бу ишларнинг барчасини Камол ака бировнинг кўмагисиз ва етагисиз гўё кўзлари билан кўриб тургандек бажарарди. Ҳатто айрим ҳатти-ҳаракатларини кўриб, балки кўзи кўраётган бўлса керак, деб ўйлайди киши.
Камол ака одамларни овозини эштиши билан танийди, исмини айтиб сўрашади. Айрим кишиларни келаётганиданоқ таниб айтиб туради. “Ҳар ким кўрсанг Хизр бил” дейишарди.
  
     Бир куни Солиев Зокир Чипон йўлда турган Камол акани уйига етказиб қўяй деб жигулисига мингазиб олди-да юқорига қараб учириб ҳайдаб кетди. Шундан Камол акаларнинг уйининг олдидан ўтиб бораётган эди, ёнида ўтирган Камол ака: -“Ие, Зокир, бизнинг уйдан ўтиб кетдик-ку”,- деди.
Бир ажабланарлиси шуки, ундан соат қанча бўлганлигини сўрасангиз, кўксига бир қарарди-да минут-минутигача аниқ ва тўғри айтиб бера оларди. Ҳатто унинг айтганига қараб соатингизни тўғрилаб олишингиз мумкин.
     Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўзи ожиз саҳобалардан бири “Мен намозимни уйимда ўқисам бўладими?” деб сўраганларида “Масжидга кел” деб жавоб қилган эканлар. Бу ҳол масжиднинг файзи бошқача бўлиши, кўзи ожизлик ҳам келишга тўсиқ бўлмаслигини билдиради. 
Камол ака ёзнинг жазирама иссиғида ҳам, қишнинг қор-қировли кунларида ҳам масжидга қатнади. Бир неча йилгача 5 маҳал азон айтиб ҳамқишлоқларини намозга чорлаб юрди. Азон айтиб бўлгач “Қомат-қомат” деб ойҳойлаб қўярди. Тенгдошлари уни “Қори ака, Камол қори” деб эъзозлашарди. У киши жуда зукко, иродали ва шукур қилгучи инсон бўлганлар. Шу билан бирга сабрли эдилар.
 
     Қишлоғимизда Мусаев Отахон, Нишонбоев Дадабой, Сайфуллаев Исоқ, Тўрахонов Жўрахон, Мусаев Эганберди каби кишилар ҳам колхозда кўп йиллар меҳнат қилиб нафақага чиққанларидан кейин кўзларининг нури кетиб кўрмай қолдилар. Лекин  улар сабр қилиб Аллоҳу таолодан умид қилиб яшаб ўтдилар.
 
     Ёқубов Камол аёли Қумри (1925й.т.) билан бирга Сорахон (1.01.1954й.т.), Райхон (23.06.1957й.т.) исмли қизларини ва Валижон (10.08.1961й.т.)ни ўстириб вояга етказди, неваралар суйди ва 2009 йили 89  ёшида вафот этди.  
 
 
Аширмат Толиб

Изоҳ қолдириш учун сайтга киринг!