Бош саҳифа / Шахслар


Қорачиқ 2000 йил


Об-ҳаво

Сўнгги изоҳлар


Ҳозирча изоҳ йўқ!

Иcмоилов Абдез (1926-1994)


     Иcмоилов Абдез - ибратли инсон эди. У Чимкент вилояти, Туркистон тумани, “Победа” колхозида 1926 йилда таваллуд топган бўлиб Юзбек авлодидаги Қуронбой ўғли Исмоилдан туғилган учинчи фарзанддир.

     Исмоилов Абдез 1947 йил 15 февраль куни Кимё Толиб қизига уйланди. Улар умр давомида 8 та фарзанд, 20 та невара ва 30 эвара кўрдилар. Аёли Кимё 1927 - қуён йилида туғилган, 5 ёшида онадан етим қолиб болалигиданоқ отаси ёнида меҳнатда пишган қиз эди. Колхозда ҳам у доим илғорлар сафида бўлиб “Ҳурмат тахтаси”дан расми тушмасди.

     А.Исмоилов 1950-1953 йиллари Владивостокда Совет Армияси сафида ҳизмат қилиб қайтди. Қорачиқда Абдез исмли бошқа кишилар ҳам бўлган. Кимдир аниқ билмай “қайси Абдез”деса, қўпол-Абдез дейишарди унинг гавдасини назарда тутиб тенгдошлари. Аммо у қўпол эмасди, аксинча чаққон ҳаракат қиларди. У саккиз қирли, бир сирли инсон эди.

     Масалан: Гектарлаб пахтазор, буғдойзорларни суғориб юриб “Сувчи-Абдез” номини олди. Тўйларда, йиғинларда катта қозонга 60-70кг гуручни бир босиб мазали ошлар тайёрлаб “Ошпаз-Абдез” атанди. Пахса уриб кесак қалаб уйларнинг деворини кўтариб, томини ёпиб, шифер қоқиб юриб “Уста-Абдез” деб шуҳрат қозонди. Таровиҳ намозларида жума ва ҳайит намозларида жамоатга имом бўлиб юриб “Абдез-имом” деб танилди. 1990 йили Қорачиқ қишлоғи жомъе масжиди имоми этиб тайинланиб, умрининг сўнгги кунигача шу вазифада ишлади. Абдез шофёр бўлиб давлат берган “Москвич-412” енгил машинасини ҳайдаб кўпчиликнинг узоғини яқин қилди.

     Абдез ака зеҳни ўткир, эсда  сақлаш қобилияти кучли бўлиб, халқ ривоятлари, Афанди латифаларини жуда кўп билар ва уларни қизиқарли қилиб айтиб бера оларди. Шунингдек у аразлашган кишиларни тез яраштириб қўя олиш қобилиятига ҳам эга эди.  

     У киши жуда самимий ва сабрли инсон эди. Қайси ҳолатда бўлишидан қатъий назар ҳатто бошига бирор ташвиш тушиб турганида ҳам бошқалар билан очиқ чеҳра, ёруғ юз билан муомала қилар, жамоат ишларида фаол эди. У “Меҳнат Қизил Байроқ” ордени ва бир қанча медаллар билан мукофотланган, “Социалистик мусобақа ғолиби” кўкрак нишонларига эга бўлган.    

     1961 йили туғилган ўғли Мухаммадрасул уйининг олдидаги сим ёғочнинг учига чиққанда столба билан бирга қулаб 21 ёшида (16.09.1982) вафот этди.

     1972 йили туғилган ўғли Шавкат  РСФСРнинг Арзамас шаҳрида Совет Армияси сафида хизмат қилаётганда 18 ёшида (30.05.1991) қазо топди ва уйига темир яшикда келтирилди.

     1949 йили туғилган тўнғич фарзандлари Ортиқбой мактабни ҳам, Тошкентдаги политехника институтини ҳам аъло баҳолар билан тугатиб, устоз-инженер бўлиб ишлаб юрган йиллари узоқ давом этган касалликдан сўнг 35 ёшида (31.03.1983) дунёдан кўз юмди.

     Қизлари Заҳро (19.04.59) ва Замира (9.04.64), ўғиллари Исмоил(Бобожон), Рахимжон, Неъматжонлар - олий маълумотли, билимли, одобли, етук мутахассис эгалари бўлиб фарзандлари билан бирга халққа хизмат қилиб ўз оилаларини тебратмоқдалар.

     Абдез Исмаилов 68 ёшида (18.11.1994) оила даврасида ўтирган ҳолда оламдан ўтди. У умрининг охиригача элу юрт, дин хизматида бўлди. Абдез поччамизнинг умр йўли биз учун ибратлидир. Аллоҳу таоло у кишининг охиратини обод қилсин.

Аширмат Толиб

Изоҳ қолдириш учун сайтга киринг!