Бош саҳифа / Шахслар


Қорачиқ 2000 йил


Об-ҳаво

Сўнгги изоҳлар


Ҳозирча изоҳ йўқ!

Ғанишев Отахон (1922-1998)


     Ғанишев Отахон 1922 йили Туркистон районидага Қорачиқ қишлоғида оддий деҳқонлар - Отабеков  Ғаниш ва Солиялар оиласида туғилган. 1933-1973 йиллари қишлоқдаги бошланғич мактабда,1937-1941 йиллари эса, Туркистон шаҳридаги Калинин номли ўрта мактабда ўқиди. 1942 йил январи. Ҳар бир совет кишисининг хаёлида фронт. Отахон ҳам қўлида аризаси, фронтга юборишларини сўраб ҳарбий комиссариатга кирди. Уни ҳамшаҳарлари Турсунбой Алиев, Абдулла Маткаримов, Такен Кавкеновлар билан бирга Тошкентдаги 6-ҳарбий радио техника курсига юбордилар. Отахон у ерда 3,5 ой ўқигач, Горький шаҳридаги 3-ҳарбий радио-техника курсида малакасини оширди. Сўнгра ўқчи-радист сифатида жангга отланди. 1942 йил 22 августда оғир яраланиб, Тула госпиталида даволангач, яна жанговор сафга қайтди.

     1943 йил баҳори ҳеч ёдидан чиқмайди. “Катюша”лар олдинги линияга ташланган. Отахон ва яна тўрт жангчи “Газик”да қурол-яроқ, ўқ-дори ташийди. Бир куни машина ботқоққа ботиб қолди. Қуролларни етказиш, алоқани ўрнатиш эса ўта зарур. Улар машина ғилдираклари тагига хас-хашак, ҳатто шинелларини ҳам ташладилар. Машина жойидан базўр қўзғалар ва яна ботиб қоларди. Шу тахлитда уч километр йўл босишиб қисмга етиб келишди. Алоқа ўрнатилди. Шу куни қўмондонлик Отахон Ғанишевни “Жанговор хизматлари учун ” медалига тавсия этди.

     Яна бир воқеа Отахон аканинг хаёлида гавдаланади. 1944 йилнинг февраль ойи. Ҳамма ёқ оппоқ қор. Ўқ ёмғири остида алоқани тиклаш лозим эди. Юборилган алоқачи снайпер ўқидан ҳалок бўлди. Яна бир қурбон беришга энди командирнинг тоби йўқ. Нима қилиш керак? Шу пайт алоқачи Отахон:         

– Рухсат беринг, мен борай,- деб қолди.

Рухсат теккач, оқ плашда ер бағирлаб олға силжиди.

       Эрталаб командири жангда муҳим топшириқни бажаргани учун унга “Жасорати учун ” медали берилганини эълон қилди.

    1946 йил 10 январь куни “Кенигсбергни озод қилгани учун” медали билан ва эртаси куни “1941-1945 йиллари Улуғ Ватан урушида Германия устидан қозонилган ғалаба учун” медали билан тақлирланди

...Уруш шу таҳлитда давом этди. У 1946 йил 9 майдагина она юртига қайтиб келди ва партия сафига ўтиб, ўқитувчилик касбини давом эттирди. “Победа” ўрта мактабида 30 йил мактаб директорининг ўқув-тарбия ишлари бўйича муовини бўлиб ишлади ва ўзбек тили-адабиёти фанидан дарс берди. Бу давр мобайнида қанча-қанча шогирдлар етишиб чиқди. Улар ва бутун қишлоқ аҳли Отахон аканинг номини “Отахон–завуч” деб фахр билан тилга оладилар. 1985 йил нафақага чиққан О. Ғанишев 1998 йил 76 ёшида вафот этди. 

Аширмат Толиб

Изоҳ қолдириш учун сайтга киринг!