Туркистонда ҳалол желатин ишлаб чиқарилади
2020-12-12 308 0
Туркистон вилоятида Малайзиянинг желатин ишлаб чиқарувчи “PNMB International” компанияси 15,5 миллиард тенгелик “KazGelatine” лойиҳасини ишга туширмоқчи. Туркистон вилояти ҳокими Умурзоқ Шукеев компания бош директори Аҳмад Сязалий билан учрашди.
Ушбу компаниянинг маҳсулоти “Ҳалол” стандартларига мос равишда ишлаб чиқарилади. Ушбу стандарт Малайзия желатинига араб ўлкаларида улкан талабни келтириб чиқарди. Дунё бўйича жами желатиннинг 2%гина ҳалол стандартларига мос ишлаб чиқарилади.
Йилига 2500 тонна желатин ишлаб чиқариш қувватига эга янги лойиҳа 750 минг йирик қорамол ва от терисини қайта ишлайди.
Янги ишлаб чиқариш комплекс бўлиб, желатин ишлаб чиқаришдан тортиб уни кейинги қайта ишлаш, қадоқлаш ва харидорларга юборишгача ўз ичига олади. Маҳсулотдан озиқ-овқат саноатидан бошқа соҳаларда ҳам фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Инвесторга Туркистон шаҳрининг саноат ҳудудидан 8 гектар ер майдони ажратилди. Ишлаб чиқариш 70 одамни доимий иш билан таъминлайди. Маҳсулот Ўзбекистон, БАА, Саудия Арабистон ва Ҳиндистонга экспорт қилинади.