Эрназар Рўзметов 90 ёшда
2021-11-29 305 0
Куни кеча 24 ноябрь куни Қорачиқ қишлоғидаги "Турон" (собиқ "Победа") ўрта мактабининг мажлислар залида нафақат Туркистон, балки халқаро миқёсда тан олинган болалар шоири, собиқ Иттифоқ даврида СССР Ёзувчилар уюшмасига аъзо булган ягона қозоғистонлик ўзбек, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, қорачиқлик Эрназар ота Рўзметовнинг 90 йиллик таваллуд айёми кенг миқёсда нишонланди.
Тадбирни ташкил этишда маърифатпарвар мактаб директори Аҳмаджон ака Аҳмедов ва шу мактаб ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Музаффар ака Мараимов раҳбарлигида бир гуруҳ ўқитувчилар жамоасининг хизматлари таҳсинга сазовор. Сайрам тумани Манкент қишлоғидаги "1 Май" ўрта мактаби мудираси, "Саодат сари" журналининг бош муҳаррири Муҳайёхон Бегметова ва шу мактабнинг бир гурух ўқувчилари, "Улес" вилоят хайрия жамғармаси раиси ўринбосари Асадбек Абдураимов бошчилигида бир гуруҳ тадбиркорлар, Қорачиқ қишлоқ округи фахрийлар кенгаши раиси Боботой ака Муютов, қишлоқ ўзбек маданият маркази раиси Мирзахон хожи ака Адҳамов, нафақадаги ўқитувчилар Қодир ака Аҳмедов, Қурбон ака Мирзаев, Акмал ака Иззатуллаевлар тадбирга юксак баҳо беришди.
Бу ижодий кечада шоир бобонинг шеър ва достонлари ёд олиниб, асари саҳналаштирилди, шеърлари қўшиқ этиб куйланди. Тадбирда Эрназар ота изидан келаётган қорачиқлик ижодкорлар ҳам муносиб рағбатлантирилди. Шоир ва қаламкаш, "Саодат сари" журналининг Туркистон минтақасидаги махсус мухбири, қадрли педагог Қодир ака Аҳмедов "Халқ ҳурмати" ордени билан тақдирланди. Шоир ва ижодкорлар Аширмат ака Толипов, Қурбонбой ака Мирзаев ва Акмал ака Иззатуллаевларга Қозоғистон ўзбеклари "Дўстлик" ҳамжамияти раиси Икромжон ака Хошимжоновнинг фахрий ёрлиқлари топширилди.