Бош саҳифа / Янгиликлар


Қорачиқ 2000 йил


Об-ҳаво

Сўнгги изоҳлар


Ҳозирча изоҳ йўқ!

Қорачиқликлар сув сўрашмоқда


Қорачиқ аҳолисига суғориш учун сув етишмовчилиги юзага келган. Бир вақтлар яшилликка бурканган ва жазирама ёзда соя-салқин бўлиб турувчи қишлоқ бугунга келиб кўплаб дарахтлардан ажралди. Асосийси қишлоқ аҳолиси яхши ҳосил учун ўзларининг полизларини ҳам суғора олмай қолди. Бу ҳақда “Турон” деҳқон хўжалиги бошлиғи Ҳ.Азимов, ветеранлар кенгаши бошчиси Б.Муютов, деҳқон хўжалиги бошчиси Ф.Айтметовлар вилоят маслаҳати депутати ва “Жанубий Қозоғистон” газетасининг бош муҳаррири М.Лимаренко билан учрашувда айтиб ўтишди.

Қорачиқликлар асосан ўз полизларида етиштирган ҳосил ҳисобига кун кечиради. Лекин йилдан йилга қудуқлардаги сув пастлаб бормоқда. Бугунги кунга келиб сувга етиш учун камида 15-20 метр чуқурликда қазиш керак. Қорачиқликларнинг айтишича, ҳозирда қишлоқ сойидаги тошни қазиб олаётганлар жуда кўпайиб кетган. Оқибатда экотизим бузилган.

Собиқ иттифоқ даврида бу ерда “Победа” колхози бўлиб, у пахта ва буғдой етиштиришда иттифоқда биринчилардан эди. Лекин бугун сув тақчиллиги туфайли сув омбори қуриш зарурати туғилди.

Бу ердаги шароитлар тошқинлар вақтида тоғ сувларини тўплаб олиш учун жуда қулай. 10 йил аввал “Турон” деҳқон хўжалиги ҳисобидан Чимкентдан келган мутахассислар илмий-амалий экспертиза ўтказиб, сув омборининг зарурлигини асослаб беришганди.

Бундан ташқари сув омбори уч томондан табиий тўсиқлар билан тўсилган. Объект 72 гектар майдонни эгаллаб, ундан 26 гектари сув остида бўлади. Фақатгина 400 метрлик дамба қуриб, сув омбори тагини махсус қоришма билан ишлаб чиқиш керак. Шунда қорачиқликларга 1500 гектар ерни суғориш имкони туғилади. Янги боғ ва полизлар пайдо бўлади. Қудуқларда сув кўтарилади. Ариқларда яна сув оқади.

10 минг аҳолиси бор Қорачиқ қишлоғи учун сув омборининг жуда зарурлигига қарамай унинг қурилиши бир неча йилдан бери ҳавода муаллақ қолмоқда. Қишлоқ аҳолиси турли идоралар ва ҳокимиятларга мурожаат қилишди, лекин иш олға силжимади.

Энди қорачиқликлар депутат М.Лимаренко ўз ваколатлари орқали ушбу мураккаб, лекин жуда зарурий бўлган масалани ҳал қилишига умид қилишмоқда.

Изоҳ қолдириш учун сайтга киринг!