Хушхабар!
2023-08-06 174 0
Қозоғистонда ўрта мактаб битирувчиларининг якуний ва олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Имтиҳон натижаларига кўра, кимлар давлат гранти асосида олий таълим олиши маълум бўлди. Бизнинг қишлоқ битирувчи ёшлари ҳам устозлар юзини ерга қаратмай имтиҳонда юқори натижаларга эришишди. "Қорачиқ" ўрта мактабини жорий йилда 38 нафар ўқувчи битирган бўлса, улардан 4 нафари "Олтин белги"га, 1 нафари имтиёзли аттестатга ноил бўлишди. Ва энг қувонарлиси, ўша 38 нафар битирувчиларнинг 18 нафари давлат таълим гранти асосида олий ўқув юртлари талабаси деган юксак номни муносиб ҳимоя қила олди.
"Турон" ўрта мактаби ҳам илғор таълим масканларидан бири ҳисобланади. Бу мактабни жорий йилда 81 нафар ўқувчи битирган бўлса, улардан 5 нафари "Олтин белги"га, 2 нафари имтиёзли аттестатга ноил бўлишди. Битирувчиларнинг 19 нафари эса давлат таълим гранти асосида олий ўқув юртлари талабалигига қабул қилинди.
Давлат олийгоҳларида бир йиллик ўқув ҳаки ўрта ҳисобда 1-1,5 миллион тенге эканлигини ҳисобга олсак, унда ҳар бир ўқувчи оила бюджетига 6 миллион тенге даромад олиб келишди. Иккала мактаб битирувчиларини умумий ҳисобга олсак, 19+18=37 нафар битирувчи грант соҳиби бўлдилар. Бу 37 нафар грант соҳиби жами тақрибан 222 миллион тенгелик бепул ўқиш грантини қўлга киритишди ва бошқача сўз билан айтганда, ўз оилалари, она қишлоғи бюджетига 222 миллион тенге инвестиция қилишди, шунча пул ота-оналар киссасида, қишлоғимиз бадалида қолди. Давлат олий ўқув юртларида бепул таҳсил олиш бахтига сазовор ука-сингилларимизни чин қалбдан муборакбод этамиз.
Яна бир бор иккала таълим масканлари устозлар жамоасини шогирдлар ютуғи билан табриклаб, миннатдорчилик билдирамиз.