Сауран – Қозоғистоннинг узум маркази
2024-01-12 1031 0
Ўзбекистон компанияси Туркистон вилоятининг Сауран туманида узум селекцияси билан шуғулланади. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи яқинда Туркистон вилояти ҳокимлигида муҳокама қилинган. Ўзбекистонлик сармоядорлар келгуси беш йил ичида уруғ ишлаб чиқариш заводи, селекция лабораторияси қуриш ва узум экспортини йўлга қўйиш учун қарийб 100 миллиард сўм (4 миллиард тенге) маблағ сарфлашни режалаштирмоқда.
“ElDala” нашрига кўра, инвестицион лойиҳа жорий йилда бошланади. “Invest In Hayot” компанияси Туркистон вилоятининг Сауран туманида узум етиштиришнинг тўлиқ циклини йўлга қўяди. Ўзбек тадбиркорлари узумчиликни ривожлантириш учун 95 миллиард сўм маблағ инвестиция қилишмоқчи.
Лойиҳа доирасида 2029 йилгача замонавий уруғ ишлаб чиқариш заводи, юқори даромадли узум навларини селекция қилиш ва деҳқон хўжаликлари томонидан таъминланадиган кўчатлар етиштириш лабораторияси қурилиши режалаштирилган. Мева замонавий плантацияларда етиштирилади.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик сармоядорлар маҳсулотларни хорижий бозорларга сотишни ташкил этишга ёрдам беради. Лойиҳани амалга ошириш Сауран туманини Қозоғистоннинг узум марказига айлантиради.
“Invest In Hayot” агрологистика билан шуғулланади ва янги сабзавот ва меваларни сақлаш ва экспорт қилишнинг илғор технологияларини жорий этиш бўйича етакчи ҳисобланади. Компания экспорт масаласида Қозоғистондан ташқари Германия, Грузия, Миср, Ҳиндистон, Қирғизистон, Ливан, Россия ва Тожикистон билан ҳамкорлик қилади.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон узумлари хорижий истеъмолчилар орасида юқори талабга эга. Мисол учун ўтган йили Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги бир тадбиркорниннг ўзи АҚШ компанияси билан 250 тонна узумнинг ҳусайни навини етказиб бериш борасида шартнома имзолаган.