Қишлоқда адабий-маърифий тадбир ўтказилди
2024-10-18 82 0
8-18 октябрь кунлари Сауран туманида “Овулим – олтин бешигим” номли адабий-маърифий тадбир кечалари ўтказилиши белгиланган эди. Кеча 17 октябрь куни режага кўра Қорачиқ қишлоғида ҳам ушбу тадбир кечаси ўтказилди. Қишлоқ музейи ва ватан уруши қатнашчилари хотирасига қўйилган ёдгорлик қошида ўтказилган тадбирда қишлоқ фаоллари, нуроний қариялари, маданият уйи, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ўрта ва хусусий мактаблар иштирок этди. Тадбирнинг асосий мақсади миллий қадриятларимизни кўрсатиб, қишлоқ маданияти ва ҳаёти билан таништиришдир.
Бизнинг қишлоқ округимизда ўзбек ва қозоқ аҳоли ёнма-ён яшаганлиги учун иккала миллат урф-одатларидаги фарқ ва ўхшашликларни кўрсатиб беришга ҳаракат қилишди.
Қишлоқ онахонлари миллий таомларимиз, кийимларимиз ва тақинчоқ ҳамда уй безаклари билан ўтовни безашди. Мактаб ўқувчилари эса ўзларининг расм чизиш, шеър ўқиш, тўқиш каби ҳунарлари билан тўпланганларнинг қизиқишини жалб этди.