Волейболчи қизлар халқаро турнирда
2025-01-27 41 0
"Қорачиқ" волейбол жамоасини "Tashkent Open" халқаро турниридаги муваффақияти билан табриклаймиз! Қишлоқ қизларидан иборат жамоанинг профессионал клублар ва спорт мактаблари ўртасида юқори натижага эришиши - ҳақиқий ғурур ва ифтихор манбаидир.
Ўйинлар давомида шиддатли ва қизиқарли баҳслар ўтказилгани, жамоанинг ўзига хос интизоми ва маҳорат билан ҳаракат қилгани мақтовга сазовор. Турнир натижаларига кўра, "Қорачиқ" жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритиб, ўзларининг ғайратли ва меҳнаткаш эканликларини яна бир бор намоён қилди.
"Tashkent Open" халқаро турнири 2 кун давомида Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги 2-спорт мактаби базасида ўтказилди. Ушбу мусобақа Ўзбекистон Волейбол Федерацияси васийлигида ташкил этилди ва унда қўшни давлатлардан келган жамоалар қатнашди. Турнирда Ўзбекистон ва Қозоғистондан келган спорт мактаблари ва профессионал клублар ўзаро куч синашди.
Қатнашган жамоалар:
Тошкентнинг 2-спорт мактаби жамоаси (Ўзбекистон)
"АГМК" клуби (Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати, Ўзбекистон)
"НЕОМА" клуби (Ўзбекистон)
"Тошкент" клуби (Ўзбекистон)
"Қайсар" клуби (Қизилўрда, Қозоғистон)
Чимкентнинг 13-спорт мактаби жамоаси (Қозоғистон)
"Қорачиқ" волейбол жамоаси (Қозоғистон)
Финалга чиқиш учун жамоалар ўртасида шиддатли баҳслар ўтказилди. Финалда Қозоғистоннинг профессионал клуби "Қайсар" ва оддий қишлоқ қизларидан иборат "Қорачиқ" жамоаси учрашди. Ушбу финал баҳсида шиддатли кураш бўлиб ўтди ва натижада "Қайсар" профессионал клуби 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Совринли ўринлар:
1-ўрин: "Қайсар" клуби (Қозоғистон)
2-ўрин: "Қорачиқ" волейбол жамоаси (Қозоғистон)
3-ўрин: Чимкентнинг 13-спорт мактаби (Қозоғистон)
Шу тариқа, совринли ўринлар қозоғистонлик жамоаларга насиб этди, аммо "Қорачиқ" жамоасининг иккинчи ўринни қўлга киритиши катта эътиборга лойиқдир, чунки бу жамоа профессионал клуб ёки спорт мактаби эмас, балки оддий қишлоқ қизларидан иборат бўлиб, улар мураббий Ислом Орифжоновнинг меҳнатсеварлиги ва тинимсиз машғулотлари туфайли юқори даражага эришди.
Қизлар турли мусобақаларда қатнашиб, ўз маҳоратини оширган, жумладан "Ауыл спорти-2024" вилоят мусобақасида иккинчи ўрин, Чимкентдаги республика турнири ғолиблиги, Саврон туманидаги халқаро турнир ғолиблигини қўлга киритган.
Жамоанинг асосий аъзолари: Бону Абдураманова, Ҳилола Мухаммедова, Ўғилжон Мамматхон, Шодиёна Мухаммедова, Фарзона Рахматуллаева, Ҳилола Улуғбекова, Сурайё Абдукаримова, Аружон Дуйсенби, Чарос Қурбоналиевалар.
Жамоани мактаб директори Ахмаджон Ахмедов, ҳомийлар Азизбек Азимов, Омонуллоҳ Йўлдошевлар қўллаб-қувватлади.