Бош саҳифа / Янгиликлар


Қорачиқ 2000 йил


Об-ҳаво

Сўнгги изоҳлар


Ҳозирча изоҳ йўқ!

Вилоят ҳокими Қорачиқда


Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кушеров Сауран туманига амалга оширган иш сафари доирасида янги ишлаб чиқариш зоналари қурилиши билан танишди. Инфратузилма билан таъминланган индустриал майдонлар нафақат тадбиркорликни ривожлантиришга, балки маҳаллий аҳоли бандлиги учун катта имкониятлар очиб бермоқда.

2024–2026 йиллар давомида Сауран туманида бешта намунавий ишлаб чиқариш ҳудуди ташкил этилади. Хусусан, Қорачиқ, Ясси, Жуйнек, Шўрнақ ва Ушқайиқ қишлоқ округларида 115 та лойиҳани амалга ошириш учун тахминан 55 гектар ер ажратиш режалаштирилган. Ҳозиргача 60 нафар тадбиркор билан меморандумлар имзоланган, улардан 30 нафари қурилиш ишларини бошлаб юборган.

Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, бу ташаббус тадбиркорликни кенгайтириш билан бирга, аҳоли учун барқарор даромад манбаи вазифасини ўтайди:

- Ишлаб чиқариш ҳудудлари – инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик фаоллигини ошириш ва меҳнат бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали воситасидир. Биз тадбиркорлар учун қулай шароитлар тузиб, инфратузилмани таъминлаяпмиз ва уларни ягона марказда жипслаштиряпмиз. Бу – Туркистон вилояти иқтисодий келажагига қўйилган салмоқли қадам, – деди Нуралхан Кушеров.

Иш сафари доирасида ҳоким Енбекши Деҳқон қишлоғида жойлашган “Ясси” индустриал ҳудудига ташриф буюрди. Бу ерда 9 гектар майдонда 24 та лойиҳа жойлаштирилиши кўзда тутилган. 16 нафар тадбиркор ўз фаолиятини бошлаб юборган. Ушбу ҳудудда мебел, тикувчилик маҳсулотлари, йўл белгилари, бўёқлар, қоғоз, пластик, ярим тайёр маҳсулотлар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш цехлари очилади. Инвестициялар ҳажми – 6,3 миллиард тенге, 600 дан зиёд одам иш билан таъминланади.

Қорачиқ қишлоғидаги 10 гектарли ишлаб чиқариш ҳудудида 20 та лойиҳа амалга оширилади. 12 нафар тадбиркор қурилиш ишларини бошлаб бўлган. Бу ерда эшик ва ойна, вентилятор қувурлари, резина қопламалар, пластик идишлар ишлаб чиқариш, шунингдек, тикув ва мебел цехлари фаолият юритади. Лойиҳаларнинг умумий қиймати – 4,5 миллиард тенге, иш ўринлари сони – 170.

ASIA BREND ва DIVALUX мебел корхоналари маҳсулотларини нафақат ички бозорга, балки Қозоғистоннинг барча ҳудудларига етказиб бермоқда. Бугунги кунда бу ишлаб чиқариш корхоналарида 150 нафарга яқин киши меҳнат қилмоқда. Хомашё Туркиядан келтирилади, ишчилар эса шу ернинг ўзида ўқитилади ва малакасини оширади.

Сауран туманидаги саноат ҳудудлари минтақада тадбиркорлик салоҳиятини оширмоқда ва Туркистон вилояти иқтисодий харитасида янги имкониятлар эшигини очмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши хорижий сармояни жалб этиш билан бирга, маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ишсизликни камайтириш ва ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Изоҳ қолдириш учун сайтга киринг!