Ўзбек этномаданият бирлашмасига янги раис сайланди
2026-01-08 37 0
Кеча Қорачиқ қишлоқ округи хокимлиги мажлислар залида Қорачиқ қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмаси раисининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилий масалалар кўрилиб, шу жамоат ташкилотини деярли 30 йил бошқарган таниқли жамоат фидойиси Мирзахон ака Адхамовнинг ҳисоботи тингланди.
Қишлоқ фаоллари раиснинг ҳисоботини қониқарли дея баҳолаб, миннатдорчилик билдирдилар. Қорачиқ қишлоқ округи хокими Сакен оға Урозбоев давлатимиз сиёсати, миллатлараро тотувлик борасида амалга оширилаётган ишлар борасида бафуржа тўхталиб, Мирзахон аканинг жамоат ишларида фаоллигига миннатдорчилик изҳор этди.

Маълумки, Мирзахон ака Адхамов Саврон тумани ўзбек этномаданият бирлашмаси қошидаги оқсоқоллар кенгаши раиси этиб сайлангани боис, унинг ўрнига янги раис сайлаш масаласи бугунги йиғилишда кўрилди. Қишлоқ тадбиркорларининг "Қорачиқ йигитлари" гурухи томонидан илгари сурилган ягона номзод - жамият жонкуяри, таниқли тадбиркор Саъдулла Муталиб ўғли Абдуллаевнинг номзоди йиғилганлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ва Саъдулла ака Абдуллаев Қорачиқ қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси этиб сайланди.
Янги раиснинг ишларида муваффақиятлар тилаб, халқимиз ижтимоий хаётида мухим бурилиш ясашига ишончимиз комил. Бу йиғилишда бир қанча фаолларимиз муносиб рағбатлантирилди. Хусусан, қишлоқда "Китобсеварлар клуби"ни ташкил этган фидойи устоз Музаффар ака Мараимов ва 2025 йил сархисобига кура, йилнинг "Энг илғор спорт устози" атоғига ноил бўлган таниқли мураббий Илхом Эрметов хамда фахрий оқсоқолимиз Мирзахон акага Қозоғистон ўзбеклари саркори Абдулла Исматуллаевнинг ташаккурномаси тақдим этилди. Мураббий Илхом Эрметовнинг спорт сохасида қулга киритган ютуқлари юқори бахоланиб, республика ўзбеклари саркори А.Исматуллаев томонидан 200 минг тенге пул мукофоти сертификатини унинг ўринбосари Саид Хайруллох тантанали равишда топширди. Тадбир интихосида янги раис Саъдулла ака Абдуллаев бир қатор фахрийларимизга уз совғаларини тақдим этди.

Йиғилишда яна ташкилий масалалар курилиб, Қорачиқ қишлоқ узбек этномаданият бирлашмаси раиси Саъдулла ака Абдуллаевнинг ўринбосарлари хам сайланди. Таниқли ташкилотчи устоз Музаффар ака Мараимов ва маданият фидойиси, тадбиркор Дилшод Исмоиловлар қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси муовинлари лавозимларига сайланди.

