Қорачиқнинг 2000 йиллиги нишонланди
2019-10-22 689 0
19 октябрь шанба куни Қорачиқ қалъасининг 2000 йиллик ёши байрам дастурлари билан нишонланди. Юбилей дастурлари эрталаб соат 9:30да Қорачиқ майдонида "Қорачиқ" тарих-этнография музейининг тантанали очилиши билан бошланди.
Музей очилиши ва тарихий экспонатлар билан танишилгач соат 10:30 да Қорачиқ маданият Уйида тарихчи-археолог олимлар иштирокида “Тарихи теран Қорачиқ” номли халқаро илмий конференция ўтказилди.
Конференциядан сўнг қишлоқ майдонида байрамга бағишлаб туман маданият уюшмаси концерт берди. Соат 14:00 да байрамга таклиф қилинган меҳмонларга "Қорачиқ" тўйхонасида дастурхон ёзилди.
Қишлоқ аҳли учун майдонда 4 та дошқозонда ош дамланиб, тарқатилди. Тушликдан кейин маҳаллий санъаткорлар билан бирга Ўзбекистондан келган таниқли санъаткорлар ўз қўшиқлари билан халқни хурсанд қилди. Байрам якунида қишлоқ ривожига ўз ҳиссасини қўшган кишилар медаль ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Ушбу тадбирда Қозоғистон мажлиси депутати, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси, Олмаота консули, тарих-археология олимлари ҳам-да Қозоғистон халқ ассамблеяси раиси ўринбосари, Остона, Чимкент ва Олмаота ўзбек этномаданий бирлашмалари раислари қатнашди.