Назарбоев Туркистонни ривожлантиришга кўрсатма берди
2018-12-13 564 0
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Туркистон шаҳрини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди. Йиғилишни очиш вақтида давлат раҳбари Туркистон шаҳрининг қурилишини зудлик билан бошлаш кераклигини таъкидлади.
Назарбоев “Туркистон бизнинг халқимиз учун муқаддас макон ҳисобланади. Шаҳарни ривожлантириш учун биз зарур муҳокамаларни ўтказиб, керакли маблағни ажратдик. Вақт ўтяпти, лекин ҳали ҳеч нарса бошланмади. Мўлжалланган режа бўйича вилоят марказини қуришни бошлаш керак” деди. Президент биринчи ўринда шаҳарнинг маъмурий марказини, турар жой уйлари ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни қуриш кераклигига урғу берди.
Йиғилишда бош вазир биринчи ўринбосари Асқар Мамин, Туркистон вилояти ҳокими Жансеит Туймебаев, Маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳаммадули ҳамда Туркистон бош планини реализация қилиш бўйича халқаро архитектура конкурси ҳайъати раисининг нутқлари тингланди. Йиғилиш якунида Нурсултон Назарбоев иштирокчиларга аниқ кўрсатмалар бериб, энергия ва сув таъминотини яхшилаш бўйича ҳам амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирларни санаб ўтди.