Бош саҳифа / Шахслар


Қорачиқ 2000 йил


Об-ҳаво

Сўнгги изоҳлар


Ҳозирча изоҳ йўқ!

Муҳаммадраҳим Маъман Махсум (1900 - 1995)


     Қадим ва муборак Туркистон заминида не-не алломалар ўтмаган дейсиз! Шундай инсонлардан бири Туркистонга  машҳур Маъман Махсумдир. Тиббиёт, фалакиёт, илму ғайб, тафсир, ҳадис, ғазалнавислик ва шунингдек, кўп ҳунарларни ўзлаштирган Маъман Махсумнинг асл исми Муҳаммадраҳим. “Маъман”, “Махсум”, “Шайх”, “Олим” деган исломий унвонларга сазовор бу зот 1900 йили Қорачиқ қишлоғида туғилди. Маъман Махсумнинг еттинчи бобоси дамашқлик, 63 ёшида Туркистонга кўчиб келган. Маъман бобонинг отаси Исмоил ҳам “Махсум” унвонига эга саводли кишилардан эди. Исмоил ота кенжаси Махсумни опаси Баргинисо билан Зайд домла қўлига - эски мактабга беради. Маъман 9 ёшга тўлганда отаси вафот этиб, сағирга айланади. Маъман Нуриддин домладан Қуръони Карим, Ҳадис, турли тафсирларни ўрганади. Шунингдек, Навоий, Машраб, Ҳофиз, Фузулий, Бобур каби буюк шарқ мутафаккирлари ғазалларини ёд олиб, мухаммаслар боғлайди. Қуръони Каримни бир неча тафсирлари ила ёд олади.

    1918 йили Зайд домланинг маслаҳати билан Қарноққа Эрмат қоридан илм ўрганишга боради ва дунёвий илмларни ўрганади. Албатта, уни ҳам даҳрийлик тузуми сиқувга олади.

     Маъман ота 1953 йилгача чўпонлик қилган. Шу орада беҳисоб китобларни Қорачиққа ўра қазиб кўмган, кўп китобларини эса Тожикистондан келган пахсакашларга бериб юборган. Минг афсуски, 1954 йилги сув тошқини йигирмадан зиёд китоб ўраларини оқизиб кетди. 1955 йили ўғли  Зайд иккиси омон қолган ўраларни очишганда, китобларнинг чириб кетганини кўришди. 

     1953 йили Ўратепадан Ўранғой қишлоғига ташриф буюрган бир катта эшоннинг маслаҳати билан Маъман табиблик фаолиятидан воз кечади. Унинг довруғини эшитиб кўп илм аҳллари кўргани келишарди. Улар орасида тожикистонлик машҳур эшон Тешавой домла ҳам бор эди. Маъман ота 1953 йилдан то 1966 йилгача колхозда ипак қурти боқиб, улкан боғ барпо қилди. 1964 йили уни зиёрат қилиш мақсадида Саудия Арабистонидан бир олим ташриф буюради. Олим уни Саудияга таклиф қилади. Хорижий Ислом юртларида таниқли бу зот 1970 йили ҳажга бориш тараддудини кўради. Бироқ Москва рухсат бермайди.

     Маъман Махсум Ўрта Осиё муфтийси Зиёвуддин Бобохонов таклифи билан бир неча маротаба Тошкентга боради. Муфтий уни Исломнинг устунларидан бири дея таърифлаб, бир неча маротаба Туркистонга имомликка таклиф қилган. Лекин Маъман Махсум: “Халқимга бор кучимни сарфлаб ёрдам берайин” дея розилик бермаган. Қодир қори, Сарсенбой домла каби имомларга ҳар доим ёрдам бериб турган. Шунингдек, Туркистонга келган афғон олимлари билан биргаликда Яссавий ҳикматларини форс ва урду тилларига таржима қилган. Араб, форс, урду, турк, рус тиллари соҳиби, марҳаматли устоз Маъман Махсум 1995 йили 23 январда вафот этди. Жанозасини ўқиган Абулқози шайх тумонат одам олдида битта Ислом устуни қулаганлигини айтиб йиғлади. Аллоҳ  у зотни раҳмат қилсин!

     Маъман Махсумнинг барча фарзандлари саводли ва зиёли, ватанпарвар инсонлар бўлиб етишган. Отасидан бир қанча илмларни ўзлаштирган тўнғич ўғли Азхон 1942 йили Ленинград ҳимоясида қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Абдулқодир кўп йиллар давомида қишлоқда механизатор, Бўрибой эса ҳайдовчилик қилишди. Туркистонга таниқли “Савоб” деҳқон хўжалиги бошлиғи Зайд акага Маъман Махсум устозим Зайд домладек, олим ва фозил, халқ фидойиси бўлиб етишсин, дея шу исмни берган экан. Кенжа ўғли Жаъфар эса ТошДУ шарқшунослик куллиётини тамомлаб, 1984-86 йиллар оралиғида Яман давлатидаги Иттифоқ элчихонасида таржимонлик қилган. 1988 йили Қорачиқ қишлоғида Чимкент вилояти миқёсида араб тили ўқитиладиган иккинчи мактабни очди. Ҳозир олий тоифали ўқитувчи. Шогирдлари давлатимизда ва хориж олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Неваралари Одил, Абдуғаффор, Зикруллоҳ, эвараси Шомуроджонлар бобосининг изидан бормоқдалар.

     Бир неча илмлар соҳиби табиб Маъман Махсум ҳузурига Оқтўба, Урал, Андижон, Бухоро каби йирик шаҳарлардан одамлар даволаниш учун келарди. Аллоҳ ризосига дарддан фориғ бўлганлар ҳадясини аямасди. 

     Гувоҳларнинг айтишича Маъман тухумга бир моддани қўшиш орқали ўғриларни топиб берган. Шунингдек, тангани пиёла ва косадаги сувга ташлаганда фаришта чол сифатида келганини кўпчилик одамлар, жумладан, мен ҳам гувоҳи бўлганман. Сувларни тескари оққизган ва яна бир қанча кароматларни кўрсатган бу зотни коҳин, фолбин деб ҳам  ўйлайдиганлар бор. Лекин, асло ундоқ эмас. Унга фолбинлар ҳақида айтишганда “Аллоҳ билгувчидир” дерди.

     Ғазалнавислик илмидан хабардор бу зот шарқ адабиёт дурдоналарини ёддан биларди. Ўғли Зайд аканинг таъкидлашича, Маъман Махсум кўп ғазаллар битган экан. Лекин минг афсуски, шу вақтдаги вазият туфайли фақат уч-тўрттагина ғазаллари  ёзиб олинган, холос.

     Об-ҳаво ҳар 36 йилда қайта такрорланишини билган Маъман шайх мироб Нишон отага Қорачиқ сойини Коммуна колхозига буриш мумкинлигини айтиб, лойиҳасини чизиб берган. Маъман шайх туфайли Коммуна, колхозининг сувга эҳтиёжи қондирилди. Шунингдек, у Қорачиқ билан Бирлик ўртасидаги катта ҳудудда оқар сув яширинлигини айтган. Бироқ бунга ҳеч ким ишонмади. Фақат бир неча йиллардан кейингина Ортиқ ака Исмоилов давлат рухсати билан бу ерларни қаздирди. Не кўз билан кўрсинки, бу ердаги мавжуд қудуқлардан сув оқиб чиқди ва то шу кунгача Қорачиқ аҳли ундан қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланмоқда. Умрининг сўнгги дамларида кўзининг хираланиши туфайли Маъман Махсумга армонлар ушалишини кўриш насиб этмади.

     Устоз Маъман Махсум мазҳаблар орасидаги ихтилофлар, масжид имомларининг мансаб талашишлари ва вазифасини суистеъмол қилишларига ҳар доим қарши чиққан. Фолбинларни қоралар, фақат ҳақиқий башоратчи Хўжа Аҳмад Яссавий дея таъкидлаб, ҳикматларини ўқиб берарди. Уни васиятига биноан йўл ёқасига ҳамма одамлар дуо қиладиган маконга дафн қилишган.   

Аширмат Толиб

Изоҳ қолдириш учун сайтга киринг!