Бош саҳифа / Шахслар


Қорачиқ 2000 йил


Об-ҳаво

Сўнгги изоҳлар


Ҳозирча изоҳ йўқ!

Болтабой қори (1889 - 1956)


     Болтабой қори Айтмат ўғли 1889 йили дунёга келган. Болтабойнинг меҳнатсеварлиги, ҳар қандай одам билан муомала қила олишини пайқаган Айтмат ота ўғлини 14 ёшида Бухоро шаҳрига ислом мадрасасига ўқишга юборди ва:

  •       Ўғлим, сен мусофир юртига отланмоқдасан, жуда тартибли бўл. Нафақат ислом илми, балки бошқа ҳунар ва илмларни мукаммал, яхши ўрганишга ҳаракат қил,- деб насиҳат қилди.

     Бухорода устози Оловуддин қори домла Болтабойнинг ислом илмига зеҳни ўткирлигини сезиб, унга келажакда масъулиятли бўлган қорилик соҳасини танлашни таклиф қилади. Болтабой Бухорода ислом илми билан бирга ёғоч устачилигини ҳам ўрганади ва олти-етти йилда билимдон қори бўлиб Туркистонга қайтади. Она қишлоғи Қорачиқда Болтабой қори ишни дурадгорчиликдан бошлади, яъни устахона очиб аҳолига зарур бўлган омоч, айри, белкуракларни ёғочдан ясаб халқ эҳтиёжини қондира бошлади. Шу билан бирга ёшларга ҳам ислом илмини, ҳам ёғоч устачилигини ўргатишни давом эттирди. Бухоронинг гўзал боғларига ҳавас қилган Болтабой ака-укалари билан биргаликда 3-4 гектар ерга ҳар хил дарахтлар экиб боғ барпо қилди.

     Болтабой қори 1908 йиллари Аяжон исмли тақводор бир қизга уйланди. Ундан 2 ўғил, 3 қиз кўрди. Ўғилларига Жумадулло, Қўшмуҳаммад (Қўшон) деб исм қўйди. Қорачиқ қишлоғидаги  ёшларга илм ва тарбия бериш учун 1916 йиллари мактаб очди. Унда ўғиллари Қўшон ҳамда Адҳам, Ўсмон, Ирсбой, Бобон, Самихон ва ҳакозо...10-12 бола таълим ола бошлади. Шулар ичида энг зеҳни ўткири Ўсмон саккиз ёшида қорилик мақомига эришди. Болтабой қори мактабидан бундай билимли домла ва қорилар етишиб чиқаётганини кўрган Қарноқ, Югнак қишлоғи, Туркистон тумани аҳолиси ўз фарзандларини шу мактабга беришга шошилишарди.

     1918-1925 йиллари Октябрь революциясидан кейин, собиқ иттифоқ давлати қурилиб, НКВД деган ташкилот тузилди ва бу ташкилот нотўғри чақим ва ахборотлар асосида жуда кўп билимли кишиларни ва бойларни Сибирь тайгаларига сургун қилди, баъзиларини отиб ташлади. Буни сезган Болтабой қори мактабни ёпиб, ўз ҳунари билан шуғуллана бошлади. Шундай кунларнинг бирида туманда котиб бўлиб ишлайдиган бир ўқувчиси Болтабой қорининг уйига шошиб чиқиб, “Қори ака бугун тунда Қорачиқдан учта одам отилиши керак мен НКВДда  рўйхатини кўрдим Улар: ўғлингиз Қўшмуҳаммад, Ўсмон, Қурбон ака ва сиз ҳам бўлишингиз мумкин”,- деди. Бундай мудҳиш хабарни эшитган Болтабой қори анча вақт ўзига келолмай довдираб қолди. Сўнг ўзига келиб:

     Бу билимдон йигитлар ноҳақ отилмасин,- деб уларга тунлатиб қишлоқдан узоққа қочиб кетишларини таклиф қилди. Ўзи ва Ўсмон қори Ўзбекистонга кетадиган бўлди. Лекин Қурбон ака таклифига кўнмади. У кишини шу куни тунда НКВД ҳодимлари олиб кетди ва у шу кетганича қайтиб келмади. Қурбон ака “Победа” мактабида узоқ йиллар ўқитувчилик қилган Қурбонов Тойир муаллимнинг отаси эди.

     Эл тинчигандан кейин Болтабой қори она қишлоғига келиб ўғли билан устахонасини очиб темир тансиқлиги сабабли қаттиқ тут ёғочидан яна айри, белкурак, омочлар ясаб  туману қишлоқларни таъминлай бошлади.

     1941 йил Германия Совет давлатига уруш эълон қилди. Буни эшитган Болтабой қорининг икки фарзанди Қўшмуҳаммад ва Жумадуллолар шаҳар комиссариятига бориб  ихтиёрий равишда ватан ҳимоясига боришини айтишди. Катта ўғли Қўшмуҳаммадни ногиронсан деб, кенжаси Жумадуллони ёшсан деб қайтаришди. Лекин бир сўзли Жумадулло ёшини улғайтириб ёздириб ватан ҳимоясига отланди.

     Уруш даврида Болтабой қори 10-12тача етимнинг бошини силади, бошпана берди, ўқитди, ҳунар ўргатди, ҳатто вояга етган йигитларни уйлантирди, қизларни узатди. Туманда ҳам, қишлоқларда ҳам уни “Етимпарвар Болтабой қори” деб атадилар. Икки йилдан кейин Ленинграддан “Фашистлар билан бўлган жангда ўғлингиз Жумадулло қаҳрамонларча ҳалок бўлди” деб ёзилган қора хат келди. Бу қорахат қори акани ҳам, аёли Аяжонни ҳам руҳан эзиб қўйди. Болтабой қори ёлғиз ўғли Қўшмуҳаммаддан Ибодулло, Хайрулло, Убайдулло исмли уч ўғил ва уч қиз невара кўрган эди.

     1945 йил Совет давлати немис-фашистлар устидан ғалаба қозонди. Лекин қишлоқларда оғир кунлар бошланди. Шундай оғир кунларда ҳам Болтабой қори ва аёли Аяжон ая уйларидаги етимларга бирон марта қовоғини солмаган, аксинча уларни ўз фарзандидан ортиқроқ ҳурмат қилган ва тарбия берган эди.

     1948 йили Аяжон она оламдан ўтди. Йилини ўтказиб ака-ука ва оғайнилари Болтабой қорини Айимча деган аёлга уйлантиради. 1953 йил қори бобо пайғамбар ёшида 1 ўғил фарзанд кўради ва исмини Ирисмуҳаммад деб қўяди. 1956 йил Болтабой қори 3 ёшли Ирсмуҳаммадга  яхши тарбия бериб вояга етказишни  ва етимлардан хабар олиб туришни васият қилиб, “Ёсин” сурасини ўқиган  ҳолда  оламдан ўтган.                                                            

     Ўтган уломаларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин, қолган барчамизга ҳам дунё ва охират саодатини насиб айласин!

Аширмат Толиб

Изоҳ қолдириш учун сайтга киринг!