Бош саҳифа / Шахслар


Қорачиқ 2000 йил


Об-ҳаво

Сўнгги изоҳлар


Ҳозирча изоҳ йўқ!

Толипов Атамат (1943 - 1993)


        Толипов Атамат 1943 йили 15 декабрда Қорачиқ қишлоғида оддий деҳқон оиласида таваллуд топди. 1961 йили қишлоқдаги “Победа” номли 10 йиллик ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлади. Лекин негадир унга кумуш ё олтин медаль берилмаган. А. Толипов ўша даврнинг қонун-қоидаларига кўра тракторчилик курсини битириб, икки йил колхозда ишлашга мажбур бўлади ва шундан кейингина 1963 йили Тошкентдаги В.И.Ленин номидаги  ТошДУ-нинг меҳаника ва математика факультетига ўқишга киради. Тиришқоқлиги билан кўзга кўринган Атаматни олийгоҳни битирган йили - 1968 йили сентябрдан университетда катта ўқитувчи этиб олиб қолишди. А.Толипов кундузги ва кечки бўлим талабаларига дарс бериши билан бирга Ўзбекистон телевиденияси орқали ҳам дарс берди. Лекция ўқиган пайтларида, масалалар ечганида шогирдлардай ҳаяжонланиб, қувониб кетишларини кўрсангиз эди. Бир неча йиллар давомида математика факультетининг тайёрлов бўлимида декан муовини, ТошДУ халқ назорати аъзоси, илмий ходим вазифаларида фаолият юритди. Бутун умрини илм ўрганиш ва таълим беришга сарфлаган бу мўътабар инсон илмий унвон ё мансабга қизиқмади. У Москва, Ленинград, Горький, Қозон, Львов университетларида малакасини оширди, жуда кўп илмий мақолалар ёзди.

     Атамат - шогирд севгувчи, камтарин, олтин вақтини, иқтидорини  математика  илмига бағишлаганлардан. Кўча-кўйда, чойхоналарда кўринмас, уйда ҳам, университетда ҳам талабалар орасида бўлар, уларга илим ўргатгани учун пул олмасди. Мактаб партасида ўтирганда ҳам, трактор рулини тутганда ҳам, кундузу тунда ҳам тўйда-ю азада ҳам фақат илм излади.

     Атамат илм излаб юрган бир талай талабаларга йўл очган, кўнгил очган сахий устозлардан эди. Ўйлагани яхшилик, барчага омонлик истайди. Китоб ўқишни шахмат ўйнашни севади. Меҳмондўст. Бағри кенг, катта-ю кичикка тенг. Покиза, ҳалол. Юриш-туриши ибратли.

     Толипов Атамат 1993 йил 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг В.И. Романовский номли математика институтида “Краевие задачи для уравнения третьего порядка, содержащего параболо-гиперболичиский оператор”, яъни “Парабола-гиперболик операторни ўз ичига олувчи учинчи тартибли тенгламалар учун чегаравий масалалар” темасидаги илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди ва физика-математика фанлари кандидати илмий даражасини эгаллади. Бу илмий ишга академик, физика-математика фанлари доктори, профессор Т.Д. Жўраев раҳбарлик қилган.

     “Ҳар қандай илмий даража илинжидан йироқ бу инсон профессор даражасидаги таниқли олим ва буюк устоздир”,- дейди Тошкент Шарқшунослик институти математика фанлари профессори Жумақилич Омонов. Ҳа, фақат илм илинжида юрган бу зот Буюк олим эди.

     Атамат тўрт қиз ва бир ўғилнинг отаси. Унинг оиласи - зиёли оилалардан. Фарзандларининг ҳаммаси олий маълумот олган.

     Умр йўлдоши Ширинбону Маменов Қодир қизи ТошДУ география факультетини сиртдан ўқиб битирган (1976). Ўқув йиллари давомида ва ундан кейин ҳам геология факультетида илмий ходима сўнгра 1-тоифали муҳандис лавозимида ишлаб 2002 йил нафақага чиққан.

     Қизлари Латофат ва Арофат ота илмини эгаллаб, Тошкент Давлат Дорилфунунининг механика ва математика факультетини муваффақиятли битиришган. Латофат Қорачиқ қишлоғидаги “Турон”  ўрта мактабида 1993 йилдан бери математика фани муаллимаси. Арофат Тошкентда “Кредит ва Молия” колледжида информатика ва математикадан дарс бермоқда.

     Оиланинг кенжаси Маъмура ойиси изидан бориб география факультетини муваффақиятли битиргач, Тошкент давлат техника университетининг энергия факультетида муҳандис бўлиб ишлаяпти.

     Атамат қизи Наргиза “Кооперативный” техникумини тугатди (1998) ва “Тадбиркор” банкида ишлаб юриб “Молия” университетида ҳам таълим олди. Ҳозирги кунда у “Президент девони” да инспектор лавозимида иш юритмоқда.

     Ўғли Азимжон Тошкент Давлат Дорилфунунининг механика ва математика факультетини аъло баҳолар билан битириб  (1999) ҳусусий тадбиркор бўлиб ишламоқда. Дадаси унга МДУ математика факультети декани (ҳозир Хоразм университети ректори) – устози Азимбой Саъдуллаев ҳурмати учун Азимжон дея исм қўйган эди.

     Толипов Атамат Тошкентда 1993 йил 20 апрель куни 49 ёшида бу ёруғ оламдан кўз юмди. Улкан ва покиза қалб эгаси орамиздан кетди. Эртаси куни соат 12 да, Қорачиқ қишлоғида  жанозаси ўқилиб, она-ер бағрига қўйилди. Дафн маросимида қишлоқ аҳли билан бирга собиқ иттифоқ фанлари академиклари, ТошДУ олимлари, Ўзбекистон Республикаси таълим вазирлигидан вакиллар иштирок этишди. Дафн маросимига қатнашаётганлар қабрга тупроқ тортаётганларида тепаларида, осмонда, йигирмага яқин турналарнинг давра олиб учаётганлигининг гувоҳи бўлиб ҳайратда туриб қолдилар ва: “Аллоҳ марҳумнинг у дунёсини обод қилсин, жойи жаннатда бўлсин,”- дея дуо айлаб видолашдилар. Маман Махсум бу ҳодисани: “Фаришталар ҳам тасбеҳ айтиб дафн маросимига қатнашишди”- деб йўйди.

     Шуни унутмайликки, ҳеч қачон, ҳеч бир инсон ўз фаолиятини ҳар доим юз фоиз самара билан якунлаган эмас. Одам умри ўйлаган ва интилган нарсаларидан беқиёс даражада қисқароқдир. Лекин, динимизда яхшилик қилиш билан инсон умри узаяди дейилади. Замондошларининг маърифатли бўлишлари учун бел боғлаган фидокор-устоз Атамат ака кўплаб ёшларнинг олий ўқув даргоҳларига кириб ўқишларига ҳолисанлиллоҳ ёрдам берди, уларга йўл-йўриқ кўрсатиб бор билимини баҳшида этди. Ватанимизда ва ҳорижда самарали меҳнат қилаётган минглаб шогирдлари қалбида устозлари Атамат ака ҳамон яшаб келмоқда.                

 

Аширмат Толиб

Изоҳ қолдириш учун сайтга киринг!