Дадамат ота (1941 - 2019)
2020-07-13 601 0
Қадим ва навқирон Туркистоннинг сўлим Қорачиқ қишлоғидагилар ҳамқишлоқлари Дадамат ота ва Бўстон ая Толиповларни ҳурматлаб, меҳнатларининг роҳатини кўриб, қўша қариганлар деб ҳавас билан тилга олишади. Ҳақиқатан ҳам шундай. Шу икки инсон бирга ўтказаётган қарийиб 50 йиллик умрлари давомида қишлоқ аҳлига зиё таратган десак янглишмаймиз. Дадамат ота 4 июн 1941 йили Қорачиқ қишлоғида дунёга келган. Дадамат отанинг дадалари раҳматли Толиб бобо икки аёлидан 20 нафар фарзанд кўрган бўлиб,бугунги кунда улардан 5 нафари ҳаёт. Толиб бобо ва Қурсия момолар оддийгина яшасалар ҳам ўғилларининг деярли барчасини олий маълумотли бўлишига шароит яратиб берган инсонлар эди. Шулардан фақат биргинасини мисол тариқасида айтиб ўтсак. Дадамат аканинг раҳматли укалари Атамат ака Толипов қишлоғимиздан чиққан биринчи математик олим бўлиб, умр бўйи Тошкент Давлат университетида меҳнат қилиб, жуда кўп ҳамқишлоқларимизнинг олий маълумотли бўлишига камарбаста бўлганлигини ҳамма жуда яхши билади. Ака-укалари қатори Дадамат ота ҳам аввал Тошкент политехника институтида, кейин ТошДУнинг география факультетида таҳсил олган.
Умрининг 35 йилдан кўпроғини ёшларга билим беришга бағишлади. “Ёшлигимизда чарчаш нималигини билмас эканмиз, - деб эслайди Дадамат ота,-қайси фандан ўқитувчи бўлмай қолса, ўрнига мени дурадгорчилик, тари, география фанларидан дарсга киритаверарди, бундан ташқари мактабдаги 11 та жамоат ташкилотининг раҳбарлиги ҳам менинг зиммамда эди. Кечагидек эсимда, икки мактабда ҳафтасига 54 соат дарс берган кунларим. Худога шукур, меҳнатларим зоя кетмади, эл ичида ўзимга яраша обрў қозондим. 2013 йилда муборак ҳаж амалларини бажариб қайтдим. Ҳозир сал бетоблигимни ҳисобга олмаганда, 5 нафар ўғил-қизларим, 20 нафар неваралар ҳамда 14 нафар эваралар (илоҳим кўз тегмасин, ҳаммани шундай кунларга етказсин!) ва ёстиқдошим Бўстон ая ардоғида бахтли ҳаёт кечирмоқдаман”. Дадамат отани чарчатиб қўймай деб унинг адоғи йўқ хизматларидан айиримларини ўзим айтиб қўя қолмоқчиман: мактабдалигида ўлкашунослик слётларида йилига район мактаблари орасида унинг “Турон” (илгарги номи “Победа”) отряди биринчи ўринга эга бўларди. Район ва область билим бўлимининг бир қанча мақтов грамоталари, олий тоифали ўқитувчи унвони уни доимо яна изланишларга ундарди. Ўқувчиларни собиқ СССРнинг бир неча шаҳарларига туристик саёҳатларга олиб бориб келганлигини кўпчиликнинг ҳали эсида. Нафақага чиққач ҳам бу тиниб – тинчимас инсон Тошкентдаги турли босмахоналар ва китоб базалари билан келишиб, бизлар томонда ноёб бўлган ўзбекча бадиий адабиетларни ихлосмандларига етказиб бериб юрди. “50 йиллик умримиз давомида бу киши менга бирор марта овозини кўтариб гапирганларини билмайман. Ҳатто фарзандларини ҳам уришиб,сўкканини эшитмаганман. Мен у кишинининг ширинсуханлиги, оддийлиги, одамийлиги ва юмшоқ табиатига қоил қоламан”,-деб эслайди Дадамат ота тўғрисида умр йўлдоши Бўстон ая. Биз у кишидан ошириб ҳеч нарса айта олмаймиз.
Энди Дадамат отанинг умр йўлдоши Бўстон ая тўғрисида икки оғиз сўз: Бўстон ая ҳам зиё таратувчи ҳисобланади. Қарийиб 35 йил давомида Югнак (ҳозир Қорачиқ) қишлоқ совети ёнидаги кутубхонада ишлади. Зийрак ва билимли бу аёл нафақат кутубхона ишини, балки шу пайтдаги қишлоқ совети секретарлари ишини ҳам бемалол юрита оларди. Секретар банд бўлса, мажлис протоколи дейсизми,турли маълуматномалар дейсизми, туғилганлик ва никоҳ гувоҳномалари дейсизми, ҳисоб-китоб ишлари дейсизми, барча-барчасини беминнат бажараверарди, хуллас секретар йўқлигини билдирмасди. Бўстон ая билан Дадамат ота 5 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказди. Қизлари Фарида, Шоира уй-хўжалик ишлари билан шуғулланса, Раиса қишлоқ амбулаториясининг билимдон ҳамшираси, ўғилларидан Юнусали ота касбини давом эттираётган бўлса, Сиддиқ Қозоғистондаги машҳур “Аура” компаниясининг Астана шаҳридаги раҳбарларидан бири.
Биз бу мақоламиз орқали қишлоғимизга зиё таратаётган қўша қариб, бахтли умр сураётган инсонларнинг эзгу ишларидан бир шингилини тилга олдик халос. Айтмоқчи, Дадамат ота соғлиғининг мазаси қочганлигига қарамасдан “Саодат сари” журналининг бирор сонини қолдирмасдан тўлиқ ўқиб боради. Бу бугунги кунда китоб кўрса кунгли айнийдиган баъзи ёшларимизга ибрат бўларли ҳолдир. Дадамат ота 2019 йил 29 март куни оламдан ўтди Аллоху таола рахматига олсин.
Қодир Аҳмедов